Янгиликлар 2324
Аёлни эъзозлаётган юрт
Баҳор фасли аслида яшариш, янгиланиш, қалбларга илхомбахш хисларни улашиш фасли. Янгилик инсонни хушёр қилади, фикрлашга, эски нуқтаи назарлардан воз кечиб, янгича дунёқарашга чорлайди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини тинглар эканман, ҳаёлимдан шу фикрлар ўтди.
Президентимиз бутун юртимиз аёлларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбидан самимий муборакбод этар экан, хотин-қизларимиз барча соҳалардаги фидокорона меҳнатлари ҳисобидан мамлакатимизнинг қудрати ва салоҳияти, халқаро обрў-эътибори тобора ортиб бораётганлигини алоҳида таъкидладилар.
Албатта, байрам муносабати билан билдирилган бу эътироф мукофот дейишга арзигулик.
Байрам кунида яхши тилаклар, эзгу фикрлар айтилади. Мана шу маънода Президентимизнинг нутқини чақириқ, чорлов, даъват ҳам дейиш мумкин. Жумладан, байрам арафасида кўп йиллар давомида ўзларининг самарали меҳнатлари билан давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган опа-сингилларимиздан 297 нафари “Мўътабар аёл” нишони билан тақдирлангани, шунингдек, ўқишда, ишда, жамоат ишларида, ўзининг истеъдод ва қобилиятини намоён этишда дастлабки ютуқларга эришган иқтидорли қизларимизни Зулфия номидаги давлат мукофотлари билан тақдирланиши фикримизнинг яққол далилидир.
Президентимиз ўз нутқида оила масаласига алоҳида урғу берди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, оила – бу меҳр ва бахт қўрғони. Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, инсоний қадр-қиммат ва маънавият бор. Оилавий бахт энг улуғ саодатдир. Машҳур қўшиқлардан бирида айтилганидек, “Уйида бахти борлар – ҳар ерда бахтиёрдир”. Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам албатта бахтли бўлади.
Бобур МАМИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг