Янгиликлар 1964
Аждодларга муносиблик масъулияти
Эндиликда юртимизда ёшлар учун кенг имкониятлар яратиш, уларга жамиятда ўз ўринларини топишлари йўлида кўмаклашиш, уларнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб етишишларини таъминлашкаби масалалар давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Бунинг амалий тасдиғини кўплаб мисолларда кўриш мумкин. Хусусан, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, ёш тадбиркорларга, айниқса, ёшларимизнинг ҳунармандлик билан шуғулланишлари учун кредитлар ажратиш, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш, таълим-тарбия, соғломлаштириш ва бўш вақтни мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилингани ҳам ёшларга эътиборнинг ёрқин ифодаси.
Айтиш лозими, Президентимизнинг ёшларга оид сиёсатида иккита энг муҳим йўналиш бор: биринчиси – уларга замонавий билим бериш, иккинчиси – ёшлар бандлигини таъминлаш. Кейинги йиллардаги ислоҳотлар, ташаббус ва янги тизимлар замирида ана шу мақсад мужассам.
Хусусан, ёшларнинг билим ва иқтидорини ривожлантириш мақсадида янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилди. Умуман, барча мактабларга эътибор, ўқитувчиларга рағбат ва ҳурмат ошди. Ёш авлодда билимга интилиш кучайди.
Ўтган бир йилда билимли ва зукко ёшларимиз халқаро фан олимпиадаларида 4 та олтин, 18 та кумуш ва 29 та бронза медалларини қўлга киритишди.
Ўсиб келаётган билимга чанқоқ ёшларнинг талабига мос равишда олий таълим муассасалари сони 127 тага етказилди, 26 та хорижий университетларнинг филиаллари очилди. Охирги 5 йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 мингтага етказилди. Бу – умумий қамров 28 фоиз бўлади, деганидир. 4 йил илгари бу кўрсаткич атиги 9 фоиз эди.
Давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилгани, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга олий ўқув юртларига кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани минглаб оилаларга қувонч олиб кирди.
Бу йил яна бир олий таълим маскани – “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилди. Янги ўқув йилида унга 300 нафар ёшлар қабул қилинади.
Бандлик масаласини олсак ҳам, ёшларга эътибор ва ғамхўрлик асосий ўринга кўтарилганини кўриш мумкин. Сўнгги 4 йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, улар 500 мингдан ошгани бунинг яққол далилидир.
Амалий ишлар натижасида ўтган 8 ой мобайнида “ёшлар дафтари”га кирган 430 минг нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Жумладан, “темир дафтар”даги оилалар фарзандлари бўлган 2 мингдан зиёд талабаларнинг контракт пули тўлаб берилди.
Албатта, партиямиз бу йўналишдаги хайрли ишлардан четда тургани йўқ. Мисол учун, яқинда “Ёшлар қаноти”, “Ёш адолатчилар” фаоллари томонидан «Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Бугунги кун ёшлари эртанги кун истиқболлари” мавзуида “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган ёшлар муаммоларини ижобий ҳал қилиш қартилган тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугун Ўзбекистон Ёшларининг таълим тарбия олиши, спорт билан шуғулланиши, замонавий технологияларда ишлашни ўрганиши, умуман, келажакда ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб етишиши учун нимаики зарур бўлса, барчаси яратилган.
Бир сўз билан айтганда, юртимизнинг ёрқин келажаги ва халқимизнинг умид-у ишончи аждодларга муносиб масъул – авлодларга боғлиқ. Ўз навбатида, келажагимиз эгалари ҳам яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда, мукаммал билим олиш ва касб-ҳунар эгаллаш, шунингдек, халқимизнинг орзу-истакларини амалий ишлар билан рўёбга чиқаришни ўз олдига мақсад қилишлари лозим.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишлар куаётганини ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг! Юртнинг юксак ишончи ва умидини тўла оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай шараф барчангизга насиб этсин!”
Бобур МАМИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг