Янгиликлар 1905
Бағдод: Муҳташам "Ҳунармандлар маркази", 5 қаватли замонавий уйлар ва бозор мажмуаси лойиҳаси
Ўтган йили Бағдод туманидаги тадбиркорлар билан учрашувим чоғида улар "Ҳунармандлар маркази" ташкил этиш ташаббуси билан чиққандилар. Бу таклифни вилоят «Ҳунармандлар» уюшмаси ва вилоят ҳокимига айтгандим. Бугун эса туманда муҳташам "Ҳунармандлар маркази" қуриб битказилмоқда. Марғилон адраслари, "Исмоилжон гиламлари" корхонаси филиали очилиши, туман ҳунармандларининг турли маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу эса ўз навбатида ҳунармандчилик ривожланишига кенг йўл очади. Асосийси, кўплаб иш ўринлари яратилади. Сайловчиларим билан учрашувларим чоғида туман аҳолиси шундай ҳунармандчилик йўналишларини очиб беришни сўрагандилар. Марказ биноси май ойининг биринчи чорагида битказилиб, топширилиши кутилмоқда.
Ўтган галги хизмат сафарим давомида туманнинг Исломобод кўчасида бўлиб, замонавий архитектура талабларига жавоб бермайдиган ҳамда ноқонуний қурилган бинолар бугунги кун шаҳарсозлик нормаларига мувофиқ бўлиши масаласида туман мутасаддилари иштирокида аҳоли билан суҳбатлашгандик. Шунда хусусий уй-жойлари мулкдорларининг ширкатларидаги муаммолар юзага чиққанди. Бугунги кунда туман кенгаши депутати Мақсуд Холматов жонкуярлиги туфайли мазкур кўчада ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Туманнинг бошқа ҳудудида жойлашган шундай икки қаватли уйлар эса бузилиб, ўрнига 5 қаватли замонавий уйлар қурилиши режалаштирилган.
Бироқ туман марказига канализация тизими олиб келинмагунча бу ишни амалга ошириш қийинчилик туғдирмоқда. Биз тегишли даражадаги раҳбарлар билан бу масалани муҳокама қиламиз.
Ота-боболари туманнинг Майлавой қишлоғида туғилиб, тақдир тақозоси билан ўзлари ўзга юртда яшаётган юртдошларимиз туман иқтисодиётига сармоя олиб кирмоқчи. Саудия Арабистонда истиқомат қилаётган инвестор Абдулбоқий Абдуллохон билан суҳбатимиз самимий кечди. Бизнес ҳамкори Маъмуржон Мамажонов (Россия фуқароси) ҳам бунга астойдил бел боғлаган. Бағдод туман ҳокимлиги ҳам уларнинг лойиҳасини маъқуллаган. Улар вилоят кадастр идораси билан ер ажратиш масаласидаги муаммони ҳал қилишда ёрдам беришимни илтимос қилишди.
Астойдил ҳаракат қиламан. Масала ҳал бўлса, туманда лойиҳа асосида замонавий бозор мажмуаси қад ростлайди.
Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг