Янгиликлар 1797
Бағдод туманида янги боғча қуриладиган бўлди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниева Бағдод туманида “маҳаллабай” ҳамда “фуқаробай” тизимлари орқали ўрганишлар олиб бориб, фуқаро муаммоларига мутасадди ташкилотлар эътиборини қаратмоқда. Туман ҳокимлигида депутат туман ҳокими ва туман раҳбарлари иштирокида сайловчилар билан бўлган суҳбатда ҳам қишлоқлардаги шароитларни яхшилаш, боғча қурилиши, иш билан таъминланиш ободонлаштириш, коммунал муаммолар, ишсизлик ва бошқа кўплаб масалалар юзасидан мурожаат қилмоқдалар. борасида мурожаатлар бўлди. Мурожаатчиларнинг кўпи "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқаролардир. Уларнинг масалалари жойида ҳал бўлишида ёрдам берилди, айрим масалалар юзасидан вилоят ва республика даражасидаги юқори ташкилотларга мурожаат учун аризалар олинди.
Бағдод туманининг чекка ҳудудларидан бири, туман марказидан 20 км. узоқликда жойлашган “Саховат” МФЙга қарашли Навбаҳор қишлоғида аҳоли ташаббуси билан, ҳашар йўли билан 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қуриш таклифини билдирди. Депутат туман ҳокими билан биргаликда бу борада қилиши лозим бўлган масалаларда келишиб олдилар.
Болаларнинг дастлабки таълимни олишларида мактабгача таълим ташкилоти ҳар жиҳатдан мустаҳкам ҳамда барча талабларга жавоб бериши лозим, – туман ҳокими Восилбек Назаров. – Қарорингизни ҳурмат қиламан. Боғчани биргаликда қурамиз. Зарур қурилиш материаллини етказиб бериш ҳамда моддий техник базасини мустаҳкамлаш менинг зиммамда. Насиб бўлса, боғчага қўшимча тиббиёт пункти қуриш, гўзаллик салони очиш ниятларимиз бор. Хизмат кўрсатиш сифати юксалиши билан бирга, маҳалла аҳолиси иш ўрнига ҳам эга бўлади.
Ҳозирда МФЙдаги боғча қурилиши мўлжалланган майдон мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Мазкур мактабгача таълим ташкилоти 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Камола ПОЛВОНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг