Бағрикенглик — халқимизнинг азалий қадрияти

17.11.2021 14:11:53

16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни

Бундан роппа-роса 26 йил аввал, 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” қабул қилинган эди. Мазкур декларациияга кўра, бағрикенглик (толерантлик) — “дунёдаги маданиятларнинг бой ва турфа хиллигини, инсоний ўзликни ифодалаш шакллари ва инсон индивидуаллигини намоён этиш усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушуниш” деган маънони англатади. Декларацияда “одамлар табиатан ўз ташқи кўриниши, мавқеи, тили, хулқ-атвори ва қадриятлари жиҳатдан бир-биридан фарқ қилиши, улар тинч яшаш ва инсоний ўзлигини сақлаб қолиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳамда ушбу ҳуқуқнинг тан олиниши” таъкидланган.

Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” лойиҳасини ишлаб чиқишда фаол иштирок этган мамлакатлардан бири ҳисобланади. “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган фундаментал халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, бугунги кунда унинг нормалари республикамиз қонунларига тўлиқ имплементация қилинган ва ҳаётимизга самарали татбиқ этилмоқда.

“Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” қабул қилинганидан 2 йил ўтгандан сўнг, яъни 1997 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 16 ноябрни Халқаро бағрикенглик куни сифатида нишонлаш тўғрисида резолюция қабул қилинди.

Халқаро бағрикенглик кунини нишонлашга мамлакатимизда ҳам катта эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, 2019 йилдан бери давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ноябрь ойининг ўрталарида ушбу санага бағишланган махсус ҳафталиклар ташкил қилинмоқда. Чунончи, жорий йилда ҳам “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” бўлиб ўтмоқда. 15-21 ноябрь кунлари давом этадиган мазкур ҳафталик доирасида турли тадбирлар, брифинг ва давра суҳбатлари, конференциялар, фотокўргазма ва бошқа маданий-маърифий ва илмий-амалий тадбирлар ўтказилади.

Таъкидлаш жоизки, миллатлараро бағрикенглик кўпмиллатли халқимизнинг азалий қадрияти бўлиб, у бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Қадим-қадимдан ота-боболаримиз ўз ўгитларида ушбу туйғуни юксак даражада улуғлаб келишган.

Ҳозир ҳам миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда бир қатор эътиборли ишлар амалга оширилмоқда. Умуман, кўпмиллатли ва кўпмаданиятли жамиятни оқилона бошқариш соҳасида Ўзбекистон жуда катта тажриба тўплаган бўлиб, бу борада у дунёдаги қатор давлатлар учун ибрат ва намуна бўла олади.

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+