Янгиликлар 1812
Бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва кечиримлилик — халқимизга хос фазилатлар
Чорак асрдан ошибдики, халқимиз ҳар йили 8 декабрда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси, одамларимизнинг дунёқарашини бутунлай ўзгартирган, жамиятда инсон манфаатлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлаб, юртдошларимизга муносиб турмуш шароитларини яратиб беришга асос бўлган Бош қомусимиз қабул қилинган санани кенг миқиёсда нишонлаб келмоқда.
Йилдан-йилга бу санани нишонлаш жараёнида жамиятимизда “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий норманинг аҳамияти ортиб бормоқда. Қисқача қилиб айтганда Конституция ва қонун устун бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланмоқда. Жумладан, Конституциямизнинг қоида ва тамойилларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши натижасида, Конституциямизга 7 марта ўзгартириш киритилди. Шу билан биргаликда Бош қомусимизда белгилаб берилган ҳаётий нормаларни тўлақонли амалиётга жорий етиш мақсадида 5 та кодекс ва 250 га яқин қонунлар қабул қилинди.
Энг муҳими бугун Конституциямиз моҳиятига чуқур сингдирилган демократия ва ижтимоий адолатга садоқат ҳамда инсонпарварлик тамойилларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда тизимли ва ортга қайтмайдиган демократик ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида “Янги Ўзбекистон” деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинмоқда. Конституциямиз яратиб берган улкан ҳуқуқий имкониятларнинг самараси бўлган бундай ютуқ ва натижалар барчамизга албатта юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Бу йил дунё миқёсида авж олган коронавирус пандемияси туфайли Конституция кунига бағишланган тантанали маросимлар кенг миқёсда ўтказилмаганлигига қарамасдан, Бош қомусимизнинг 28 йиллик санаси халқимиз тарихида ўчмас из қолдирди. 8 декабрь куни – мамлакат аҳолиси муҳим байрамни нишонлаётган тонгда Президентимизнинг ташаббуси ва назорати остида ўтказилаётган «Меҳр» операцияларининг учинчиси босқичи доирасида Суриядан қайтарилган 98 нафар ўзбекистонликни олиб келган самалёт Тошкент халқаро аэропортига қўнди.
Олиб келинган юрдошларимизнинг самалёт зинасидан йиғлаб тушиб, Ўзбекистон тупроғини ўпаётгани, 25 нафар аёлнинг ёнида 73 нафар болаларнинг борлиги, уларнинг 14 нафари чин етим эканлигининг ўзи ҳам бугун Бош қомусимиз асосида олиб борилаётган инсонпарварлик ташаббусларимиз нечоғлиқ халқимиз кўнглидан жой олаётганлигидан далолатдир.
Бу каби операцияларининг ўтказилиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида амалга оширилаётган ишлар баъзи бир халқаро ташкилотлар ва кенг жамоатчиликни хайратда қолдириш учун эмас, мамлакатимиз фуқароларининг дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъий назар давлат ва давлат раҳбари ҳимоясида эканлигини таъминлашдан иборатдир. 2019 йилда «Меҳр» операциялари доирасида жами 220 киши Ўзбекистонга қайтарилиши турлича талқин қилинган эди. Аммо ўзи тушунмаган ғоялар ортидан Яқин Шарқ талотўпларида сарсон бўлган ўзбекистонликларнинг бегуноҳ оила аъзоларини мамлакатимизга қайтариш инсонийликнинг олий ифодаси эканлиги яна бир бор исботланиб «Меҳр» операциясининг учинчи босқичи ҳам мувафақиятли амалга оширилди. Эътиборли томни бу ташаббус нафақат юзлаб юртдошларимизнинг ўз Ватани ва оилалари бағрига қатишини таъминлабгина қолмай, бир қатор қўшни давлатларнинг ҳам ўз фуқароларини ватанларига қайтаришларида маёқ вазифасини ҳам ўтаб берди.
Мана шундай эзгу ташаббуслар доирасида 8 декабрь Бош қомусимиз қабул қилинган кун муносабати билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 104 нафар юртдошларимизнинг давлатимиз раҳбари томонидан афв этилиши эса мамлакатимиздаги юзлаб оилалар бағридаги кемтикликни тўлдирди.
Афв этилган шахсларнинг 6 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди. 50 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. 17 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 41 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди. Афв этилганларнинг 13 нафарини чет эл фуқаролари эканлиги эса мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг нақадар инсонпарварлик ғояларига таянилганлигининг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, бугун мамлакатимизнинг фаровон ва эркин келажагини кўзлаб юртбошимиз бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳар бир бўғинида Бош қомусимизда белгилаб берилган нормалар дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Биз депутатлар ҳам келгуси фаолиятимизда жамиятимизнинг ҳар бир жабҳасида Конституциямизда белгилаб берилган вазифаларнинг тўлақонли ҳаётимизда таъминланишига эришиш борасида бор куч ва ғайратимизни ишга солган ҳолда фаолият олиб боришга ваъда берамиз.
Зуҳра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг