Янгиликлар 1827
Бағрикенглик тамойилларини қамраб олган Қомус
Кўпмиллатли давлатда барқарорликни таъминлаш учун миллатлараро тотувлик масаласига алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Ўзбекистон Конституциясида белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳаётга татбиқ этиш, турли миллат вакилларига тенг имкониятлар ва шароитлар яратиш орқали мамлакатимизда 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамкорликда ягона оила фарзандларидек аҳил, бахтиёр яшаб келмоқда. Асосий Қонунимизда “Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ташкил этади”; “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, деб ёзиб қўйилган.
Мамлакатимиз кўпмиллатли халқи онгида “Ўзбекистон- ягона Ватан” деган ғоя асосида ҳақиқий ватандошлик туйғусини шакллантириш бу борадаги ишларнинг муҳим йўналишига айланди. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992- йил 13-январдаги 10-сонли Қарори асосида Ўзбекистон Республикасида яшовчи турли миллат вакилларини мамлакатимиз ижтимоий, маънавий- маърифий ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Республика Байналмилал Маданий Маркази ташкил этилди. Унинг асосий вазифаси миллатлараро муносабатларни янада такомиллаштириш, мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакилларининг миллий маданий эҳтиёжларини қондириш, ҳар бир миллатга хос урф-одатларни сақлаб қолишга миллий маданий марказларга кўмаклашиш, бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга қаратилган жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган 140дан ошиқ миллий маданий марказлар фаоллари олдида турган юксак вазифанинг асосий мазмуни ҳам диёримизда яшаётган ва фаолият кўрсатаётган қардош халқлар ўртасида мустаҳкам дўстлик, қардошлик ришталарини ривожлантириш орқали улар ўртасидаги ўзаро хамкорлик ва бирликни мустаҳкамлаш, азал-азалдан Ўзбекистон заминида яшаб, меҳнат қилиб келаётган турли миллатларга мансуб аҳолининг тилини, маданиятини, урф-одатлари ва удумларини, миллий қадриятларини сақлаш ва кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилишдир.
Ҳар йили ўтказиладиган “Ўзбекистон - умумий уйимиз” республика дўстлик ва маданият фестивалида миллий ҳунармандчилик намуналари ва миллий таомлар кўргазмалари уюштирилади, Ўзбекистонда яшайдиган миллатларнинг рақслари ва ашулалари янграйди. “Миллий урф-одатларнинг маънавий баркамол инсонни шаклланишидаги ўрни” ,“Бағрикенглик- халқимизга хос фазилат” каби мавзуларда давра суҳбатлари ўтказилади. Натижада, кўтаринки руҳда ўтадиган фестивал республикамизда миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
2017-2021 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонининг эълон қилиниши миллатлараро муносабатларнинг позитив ривожланишига катта туртки бўлди. Стратегиянинг хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишида бу борада аниқ режалар белгиланди. Асосий вазифа-Ўзбекистон заминида яшайдиган барча инсонларга, миллатидан қатъи назар ривожланиши учун бир хил имкониятлар яратишдир.
Бундай шароитда мамлакатимизнинг барча фуқаролари эртанги кунга комил ишончи билан меҳнат қилиб, Она юрт равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. “Шу азиз Ватан - барчамизники!”- дея сидқидилдан меҳнат қилиш, Ватанга юксак муҳаббат туйғусини ёшлар онгида шакллантириш ҳар бир ватандошимизнинг мақсадига айланган. Байрамларимизда турли миллат вакилларининг қўшиқлари янграганида барчамиз шодлик билан рақсга тушамиз, диёримиз барча халқларининг қадриятлари ва анъналари бир- биримизга азиздир. Асосийси, Ўзбекистон билан ўз тақдирини боғлаб, унинг тараққиёти ва фаровонлиги учун ҳизмат қилиб миллий ўзлигини англаган барча миллат вакиллари шукроналик, кучли фахр туйғуси ва ифтихор ҳисси билан яшаб келмоқдалар. Бундай кайфият жамиятимизда миллий муносабатлар барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминловчи бош омил бўлиб хизмат қилади.
Нодира ДЖАНИБЕКОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг