Бизнинг номзод

04.10.2021 15:10:09

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов 1959 йилда - Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати — ўзбек. Маълумоти — олий. 1981 йилда Тошкент давлат университетинининг Шарқ факультетини тамомлаган. Мутахассислиги — филолог-шарқшунос, араб ва инглиз тиллари ўқитувчиси. Тарих фанлари доктори, профессор. 1981-1983 йилларда Ливия Араб Республикасида араб тили таржимони, 1983- 1985 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалик вазирлигининг “Хорижий мамлакатлар билан илмий-техник ҳамкорлик” бошқармасида етакчи мутахассис бўлиб хизмат қилган. 



  1987-1990 йиллар мобайнида эса Армия сафидаги хизматни Яман Араб Республикаси ҳарбий таржимон вазифасида ўтаган. У 1985 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтида кичик илмий ходим, илмий ходим, илмий котиб, 2002-2003 йилларда илмий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифаларида ишлаган. 2003-2005 йилларда Тошкент шаҳрида ташкил этилган Тошкент Халқаро Вестминстер университетининг проректори бўлган. Абдуҳалимов Б.А. 2004-2006 йилларда Фанлар академияси Шарқшунослик институти директори, 2006-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг миллатлараро муносабатлар масалалари ва дин ишлари бўйича Давлат маслаҳатчиси, 2008-2014 йилларда Фанлар академияси Шарқшунослик институти директори, 2011-2016 йилларда Фанлар академияси Ижтимоий-гуманитар фанлар йўналиши бўйича вице-президент, 2017 йилдан ҳозирга қадар Фанлар академияси вице-президенти ҳамда Шарқшунослик институти директори вазифасини жамоатчилик асосида бажарувчи лавозимларида фаолият юритиб келмоқда.

  У Марказий Осиё тарихи, фан тарихи, ислом, шарқ қўлёзма асарлари, араб давлатлари, араб тили бўйича йирик мутахассис. Ўрта асрларда яшаб, ижод қилган Марказий Осиё олимларининг ҳаёти, фаолияти ва асарларини тадқиқ этиш ҳамда уларнинг жаҳон фани ва цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини тадқиқ этиш билан шуғулланади. Мазкур мавзулардаги қатор китоб ва мақолалар муаллифи, Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларда ташкил этилган кўплаб халқаро илмий анжуманларнинг фаол ташкилотчиси ва иштирокчиси ҳисобланади. Фанлар академиясининг вице-президенти сифатида ўзи раҳбарлик қилаётган фан соҳаси ва илмий йўналишлар бўйича Давлат дастурларини шакллантириш, уларнинг экспертиза ва мониторинги ўтказилишини назорат қилмоқда. Уларнинг сифати ва савиясига масъул бўлиб, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг юқори даражада бўлишини таъминлашда фаоллик кўрсатмоқда. У илмий тадқиқот натижаларини жорий қилиш, фан ва таълим тизимлари интеграциясини кучайтириш, юқори малакали илмий мутахассисларни тайёрлаш ва ушбу жараёнда халқаро илмий хамкорликни жадаллаштириш, олимларнинг обрў-эътибори ва ижтимоий мақомини оширишга йўналтирилган илмий-ташкилий ишларни мувофиқлаштирмоқда. Академиянинг вазирликлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаб, уларни жалб этган ҳолда маънавият ва маърифат масалаларига доир кўплаб халқаро илмий анжуманлар ўтказишда ташкилий қўмита аъзоси сифатида алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Айниқса, унинг бевосита иштироки натижасида Ўмон Султонлиги билан ҳамкорликда Шарқшунослик институти янги биносининг қурилиши нафақат Фанлар академияси, балки республика ва халқаро аҳамиятга молик муҳим илмий ва ташкилий воқеа бўлди. Абдуҳалимов Б.А. 1994 йил номзодлик ва 2001 йилда эса докторлик диссертацияларини муваффаққиятли ҳимоя қилган. Оксфорд ислом тадқиқотлари марказининг “Имом ал-Бухорий” (1996), Британия Кенгашининг “Чивининг” (1997), Жанубий Кореянинг “Koica” (2001) стипендияларига сазовор бўлиб, ушбу мамлакатларда малака ошириш курсларини ўтаган. Илмий тадқиқотларининг натижалари 100 га яқин илмий мақола, рисола ва монографияларда ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида эълон қилинган. Ҳаммуаллифликда тайёрлаган асари учун Қувайтнинг “Имом Бухорий авлодларига” номли мукофоти билан тақдирланган. Унинг шогирдлари бугун республика ҳаётининг турли жабҳаларида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

  Ҳозирги вақтда унинг раҳбарлигида 3 нафар фан доктори тайёрланмоқда. Оилали. Уч нафар фарзанднинг отаси. Рафиқаси Т.Абдуҳалимова — Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани Болалар ижодий маркази ўқитувчиси. 2020 йилда Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+