Бахтли аёл – бахтли оила ва бахтли жамият демакдир

12.03.2021 19:03:21

Машҳур қўшиқлардан бирида айтилганидек, “Уйида бахти борлар ҳар ерда бахтиёрдир!”.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Мен азиз йигит-қизларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: турмуш қуришга, оилага, фарзанд тақдирига ниҳоятда чуқур масъулият билан қаранг. Бу масалага юзаки ёндашиб, ҳам ўзингиз, ҳам ўзга бир инсон ҳаётини хавф остига қўйманг”.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётгани учун бир гуруҳ аёллар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.

Бугунга келиб, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларга кўмаклашиш бўйича энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилмоқда.

Ҳудудларда хотин-қизларнинг тадбиркорлик марказлари ташкил этилиб, уларда аёлларга бизнесни бошлаш бўйича зарур билим ва кўникмалар берилаётгани туфайли тадбиркор аёллар сони тобора ошиб, улар томонидан минг-минглаб янги иш ўринлари яратиляпти.

Бугун жамиятимиз тараққиётида хотин-қизларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Қайси бир соҳага назар ташламанг, уларнинг фидойи меҳнати ва жасоратини кўришимиз мумкин.

Ҳозирги кунда Чирчиқ шаҳрида соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва спорт соҳасида 61,6 фоиз, фан, таълим, санъат ва маданият соҳаларида 72,1 фоиз, қишлоқ хўжалиги соҳасида 35,5 фоиз, саноатда 17,5 фоиз, қурилиш соҳасида 8 фоиз хотин-қизлар фаолият кўрсатмоқда.

Президентимиз эътироф этганидек, “Биз юртимиздаги ҳар бир аёл тимсолида, аввало буюк зот – Она сиймосини кўрамиз. Шу боис “Аввало онангизга ва яна бир бор онангизга яхшилик қилинг”, деган муборак ҳадисга амал қилиб, мўътабар оналаримиз, қадрли опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни инсоний бурчимиз, деб биламиз. Ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, Сизларнинг олдингиздаги бу қарзимиз ҳаққини, минг хазина билан ҳам адо этиб бўлмайди”.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминлаш Давлатимиз раҳбари томонидан бош вазифа қилиб белгиланган. Демакки, бизнинг жамиятимизда албатта тинчлик, адолат, эркинлик ва фаровонлик бўлади. Ишонч билан айтиш мумкинки, аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам албатта бахтли бўлади!

 

Равшан ДАСТИРОВ,

Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+