Янгиликлар 1976
Байроғимиз – фахримиз
Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолларидир.
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Расулбек Кушербаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Козимжон Тожиев, Ўзбекистон Республикаси “Адолат” социал -демократик партияси сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Умиджон Сулаймонов, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Сирожиддин Рауф, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги муассислигидаги «Муҳофаза +» журнали ва «Вазият» газетасининг бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Азамат Суюнов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сергели тумани кенгаши раиси Азизбек Қаюмов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ходимлари, академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Академия бошлиғи, генерал-полковник Қобул Бердиев давлат байроғи Ўзбекистон давлат суверенитетининг рамзи ва халқаро муносабатларда мамлакатимиз тимсоли эканлиги тўғрисида гапирди. 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳи олдида байроғимиз ҳилпирай бошлади. Мана, йигирма тўққиз йилдирки, у халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, мустақиллигимизнинг жаҳонаро ифодаси, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб келмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар озод ва обод Ватанимиз – Ўзбекистоннинг байроғи ҳам бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъала эканлигини ҳамда давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли сифатида юксак эъзозланиши хусусида фикр билдирдилар.
Шунингдек, таклиф этилган меҳмонлар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар беришди.
Ташкил этилган бадиий-илмий ва қонунчилигимизга оид китоблар кўргазмаси ҳамда академиянинг «Маънавият ва маърифат маркази» бошлиғи, подполковник Савриддин Нажмиев ижросидаги жонажон Ватанимиз ва байроғимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
– Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни мардона ўташ учун байроғимизни ўпиб қасамёд қилаётган ҳарбийларимизнинг қалбидаги оловни, юзларидаги қувончни кўриб, фахрланамиз. Ана шундай лаҳзаларда ҳеч муболағасиз Ватанимиз байроғини кўзимизга тўтиё қилгимиз келади. Бу фахрланиш аслида юртга бўлган чексиз меҳр ва садоқатнинг ёрқин кўринишидир,– дейди полковник Абдуазим Аҳмадхўжаев.– Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Ҳар бир инсон онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсоллари бўлган байроқ, герб ва мадҳиямизни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
– Миллатимиз тимсоли бўлган давлат байроғи қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган бугунги тадбир биз ёшларнинг қалбимизда ғурур ва ифтихор ҳиссини янада тўлқинлантириб юборди,–дейди Академия 3- босқич курсанти Шаҳриддин Фахриддинов.Биз ёшлар ҳам буюк аждодларимизнинг давомчилари сифатида давлатимиз раҳбари яратиб берган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб, турли соҳаларда юксак чўққиларни забт этиб, давлатимиз байроғини юксакларга кўтармоғимиз лозим.
Гулноза Бобоева, ЎзА
Фикрингизни қолдиринг