Бандликка кўмаклашиш марказидан аҳоли норози

25.09.2019 12:09:54

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши вакиллари ва депутатлари  аҳоли билан мулоқотлар жараёнида бир қатор ташкилотлар - меҳнат ва бандликка кўмаклашиш маркази, молия муассасалари, соғлиқни сақлаш ва қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида аҳолининг турли масалаларда амалий кўмак сўраб қилган мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда. Хусусан, халқ таълими йўналишида кўрсатилган имтиёзли  кредитлар бўйича,  туман тиббиёт бирлашмаси ва саломатлик марказларига йўлланган  мурожаатларнинг барчаси халқ билан мулоқотлар жараёнида ва “Адолат” қабулхонаси ҳамда сайёр қабулларнинг ўзида ижобий ҳал этиляпти. Бунда партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида иш сўраб мурожаат қилган аҳолини иш билан таъминлаш юзасидан қилинаётган ишларни ҳам санаб ўтиш мумкин. Шу кунгача шаҳар ва туманлар кесимида аҳоли кўмак сўраб мурожаат қилган фуқароларимиз ишга жойлашишида амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Аммо шунга қарамасдан ечимини топмай келаётган кўплаб масалалар учраб турибди.

Айтиш жоизки, партия фаоллари ҳамда депутатлар томонидан фуқароларни иш билан таъминлаш учун аввало, бандликка кўмаклашиш маркази билан ўзаро ҳамкорликда мавжуд муаммога ечим топилади. Бандликка кўмаклашиш марказида рўйхатда бўлган мавжуд иш ўринлари кўздан кечирилиб, йўлланма билан фуқаро иш билан таъминловчи корхона ёки ташкилотга йўналтирилади. Мазкур рўйхат бўйича бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ish.mehnat.uz электрон сайтига Республикадаги барча ҳисобот топшириши керак бўлган ташкилотлар бўш иш ўринлари тўғрисида ҳар ойнинг 5 санасигача маълумот киритиб бориши керак.

Шундай бўлса-да, ўрганишларда аҳолини иш билан таъминлаш йўналишида кузатилаётган муаммоларни аниқлаш жараёнида ish.mehnat.uz электрон сайтига киритилиб борилаётган ахборотлар асл ҳолатга тўғри келмаётганлиги хусусида маълумотлар олинмоқда.

Хусусан, Термиз шаҳрида яшовчи 5 нафар фуқаро шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази йўлланмаси асосида ишга жойлашиш учун иш берувчи ташкилотларга мурожаат қилганда уларга рад жавоби берилиб, бўш иш ўрни мавжуд эмаслиги билдирилганлиги аниқланди. Ушбу ҳолатлар мурожаатчилар орасида норозилик кайфиятининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, шу йилнинг июль ойида Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро Д.Очилдиевага Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тадқиқот марказига кичик тиббий ходим вазифасига ишга жойлаштириш учун берилган йўлланмага қарамасдан ушбу ташкилот раҳбари унга рад жавобини бериб юборган.

Бу каби ҳолатлар Миллий банк АТБ Термиз филиали, вилоят стоматология шифохонаси, вилоят юқумли касалликлар диспансери, вилоят чорвачилик ва наслчиликни ривожлантириш корхоналарида ҳам кузатилиб, йўлланма асосида иш сўраб борган фуқароларга рад жавоби бериб юборилган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишида кузатилаётган бу каби муаммолар фуқароларимиз орасида  ишончсизлик, норозилик кайфиятини уйғотибгина қолмай, бандликка кўмаклашувчи марказларнинг соҳага оид муаммоларни ҳал этишга комплекс ёндашмаётганлиги аҳолининг жиддий эътирозига сабаб бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

 Ўрол ТОШБОЕВ,

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Bagbekov Yo'ldoshboy Samandarovich
2020-04-14 21:32:16
ASSALOMU ALAYKUM .MAN ISHSIZMAN . ISH IZLAB TOPAOLMAYAPMAN. HAMMA ISH KORXONALARDA QARANTIN SABABLI ISHGA OLMAYAPDI .XAZARASP TUMANDAGI AHOLINI BANDLIKGA KO'MAKLASHISHGA MARKAZIGA HAM MUROJAT QILDIM (ISH BOY'ICHA ) YORDAM BERISHMADI .ISHSIZMAN YORDAM BERISHINGIZNI ILTIMOS QILB SO'RAYMAN...

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+