Янгиликлар 1151
Барча қарама-қаршилик ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади
Инсон – тафаккур, идрок қилиш имкониятига эга бўлган тирик мавжудот. Жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплар ва нормаларда ҳам, миллий Конституциямизда ҳам инсоннинг жами дунёвий неъматлар орасида энг улуғи эканлиги билан боғлиқ қоида мужассамлаштирилган.
Амалдаги Конституциямизнинг энг муҳим қисми бўлмиш иккинчи бўлими инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган.
Бош қомусимизнинг 13-моддасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади, дейилган. Бугун умумхалқ муҳокамасида бўлган Конституциявий қонун лойиҳасида ушбу моддага инсон ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳимоя қилишни кучайтириш билан боғлиқ қўшимчалар киритилаётгани бежиз эмас.
Жорий йилнинг 20 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида “Инсон қадри учун” ғояси Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдирилиши бўйича ҳам таклиф илгари сурилгани бежизга эмас эди. Зеро, бугунги кунда амалга оширилаётган барча ислоҳотларимиз тагзамирида инсон қадрини улуғлашдек эзгу ғоя мужассамлигини ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда. Белгилаб олинган “Инсон қадри учун – 100 та мақсад”га эришиш учун жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбир амалга оширилмоқда.
Инсон қадрини юксалтириш ва унинг шаъни, ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳурмат қилиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишидан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини унинг миллатига, динига, ижтимоий аҳволига, сиёсий ва бошқа эътиқодига қараб чеклашлар йўқ. Зотан, инсонни улуғлаш, уни муҳофаза қилиш ва ҳар томонлама камол топтириш кенг кўламли ислоҳотларимизнинг диққат-марказидаги масала бўлиб турибди.
Таклиф этилаётган ўзгартишга кўра, мазкур моддада инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш, уларни ҳимоя қилишни давлатнинг мажбурияти сифатида белгилаш таклиф этиляпти. Ушбу қўшимчанинг қабул қилиниши билан инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатдан давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифасига айланади.
Қолаверса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши ҳамда бу ҳуқуқлар қонунларнинг маъносини, мазмунини ва қўлланилишини, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятини белгилаши назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси давлат органи томонидан кўзланадиган қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги кераклиги билан боғлиқ муҳим қоида Конституцияда ўз ифодасини топиши муҳим аҳамиятга эга.
Конституциявий ислоҳотлар жараёнида кўп бора Конституциявий комиссия аъзолари ҳамда жамоатчилик томонидан эътироф этилган таклиф — инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама- қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши 13-моддага қўшимча сифатида киритилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикасида ҳар қандай давлат органининг фаолияти инсон ва жамият фаровонлигига хизмат қилишга, уни юксалтиришга қаратилганлиги билан киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар муҳим аҳамиятга эга. Давлат ўз вазифасини тегишли органлари орқали амалга оширар экан, ижтимоий адолат ва қонунийликка амал қилиши лозим. Демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим шартларидан бири инсон ва шахс манфаатларининг ҳамма нарсадан устунлигидир.
Хулоса қилиб айтганда, Конституциямизга киритилаётган қўшимчалар орқали давлат демократия ва инсон ҳуқуқларининг умум эътироф этилган ғоялари ва қадриятларига, шунингдек инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга содиқлигини яна бир бор намойиш этади. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилигимиз янада такомиллашади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш, уларни ҳимоя қилиш борасида қўшимча конституциявий-ҳуқуқий кафолатлар белгиланади.
Музафара Абдиева,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг