Баркамол авлод билан келажак сари

07.11.2019 10:11:06

Ёшлар масаласи мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири саналади. Бинобарин, мустақиллик йилларида мамлакатимизда тараққиётнинг “Ўзбек модели” асосида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий, ташкилий асослари яратилди, уларнинг салоҳияти, истеъдодини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам механизми шакллантирилди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, баркамол авлод орзуси – энг буюк орзу. Ўзбекистоннинг келажаги буюк эканига қатъий ишонч билан яшаётган халқимизнинг орзуси бу. Мамлакатнинг қудратини белгилайдиган омиллар кўп. Бироқ уларнинг энг асосийларидан бири шу юртда вояга етаётган юксак маънавиятли, жисмонан соғлом, ҳар томонлама баркамол авлоддир. Зеро, эл-юртнинг келажаги бугун камолга етаётган ёшлар қўлида. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, юртимиздаги ҳар қайси инсон, ҳар қайси оиланинг энг эзгу орзу-мақсадлари, ҳаётий манфаатлари авваламбор унинг фарзандлари тимсолида намоён бўлади, рўёбга чиқади. Азалдан халқимиз боланинг дунёга келиши, унинг парвариши ва таълим-тарбиясига юксак эътибор қаратган. Ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини шакллантириш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, эл ишига камарбаста, ватанпарвар, жисмонан чиниққан ва маънан етук авлодни камол топтириш умрбоқий қадриятларимизнинг асосини ташкил этади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастурида ҳам халқимизнинг етук ва баркамол авлодни тарбиялаш ва камол топтиришда уларга яқиндан кўмаклашиш, ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш йўлидаги эзгу ғоя ва мақсадларни ўзига устувор вазифа қилиб олган. Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида миллатнинг маънавий-маърифий муҳити ривожланиши, унинг миллий қадрият ва анъаналарини сақлаш ва яхшилаш, аҳолининг умр кўриш давомийлигини ва турмуш даражасини ошириш, соғлом зурриёдни дунёга келтириш ва тарбиялаш учун шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун нафақат марказларда, балки чекка ҳудудларимизда фаолият юритаётган замонавий мактаблар, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, болалар ижодиёти марказлари, спорт саройлари, тиббий муассасалар соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистонда навқирон авлод саломатлиги, камолоти ва истиқболи, оила, оналик ва болалик манфаатларини кучли ижтимоий ҳимоялаш борасидаги тизимли ва пухта ўйланган амалий чора-тадбирлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Халқаро мусобақалар, йирик чемпионатлар, санъат ва маданият фестиваллари, ижодий танлов ва беллашувлар, интеллектуал олимпиадаларда навқирон юртдошларимиз фаол қатнашиб, Ватанимиз шарафини жаҳон миқёсида муносиб ҳимоя қилаётгани мамлакатимизда ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол шахсни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ёрқин натижасидир.

Ана шу эзгу мақсад ва холис ниятлар билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг давомийлиги сифатида муҳтарам Юртбошимиз томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган бешта муҳим ташаббус баркамол авлод ва келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди.

  Зеро, бизнинг устувор вазифамиз – ёшларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш экан, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, уларнинг тафаккурида мустақиллик, миллий ўзини англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига тегишлилик ҳисси, фидокорлик каби туйғуларни уйғотиш ва ёшларни турли мафкуравий таҳдидлардан асраш ҳам бурчимиз, ҳам фарзимиз эканлигини чуқур ҳис этмоғимиз лозим.

Шу ўринда, мен юртимизда ёшларга бўлаётган эътибор ва эътироф ҳамда улкан имкониятлар эшиги очилган даврда яшаётганим фахри ва ифтихори сифатида яна бир таклифни қўллаб-қувватлашни жоиз, деб биламан.

Маълумингизки, Қадимги Шарқ халқларида устоз, пир, муршид, мураббий, мударрис, муаллим, тарбиячи номлари билан юритилувчи зотларнинг иззати ва ҳурмати ҳамиша юқори бўлган. Инсон ўзини англаган даврдан устозларга суянган, улардан маънавий қудрат олган. Агар иқтидорли устоз ўз мактабини яратмаса, ўзидан кейин билимдон, истеъдодли шогирдлар қолдирмаса, унинг ҳаёти, умри бесамар ўтган бўлади.

Устоз қанчалик буюк бўлмасин, мактаб таълимида қанчалик ютуқларга эришмасин, ўз билим тажрибасини ишончли шогирдларда қолдирмаса, унинг эришган ютуқлари сувга тушган тошдай изсиз йўқолади. Бобокалонимиз ҳазрат Навоий бу борада қуйидаги мисрани битган эди:

“Ҳунарни асрабон неткумдир охир,

Олиб тупроққаму кетгумдир охир”.

Ҳозирги кунда узлуксиз таълим тизимида “устоз-шогирд” анъанасидан кенг фойдаланган ҳолда маънавий-маърифий соҳадаги ҳамкорлик, узвийлик муаммосининг ечимини топиш, уни амалиётга татбиқ этишнинг самарали усул ва воситаларини ишлаб чиқиш заруратини вужудга келтиради. Бунда тарбиянинг таълим олувчилар ёш хусусиятларига мос келадиган мазмунини танлаш, танланган таълим-тарбия мазмунини узвийлик тамойилига асосан жойлаштириш ва уни педагогик жиҳатдан асослаш муҳим аҳамиятга эга. Бундан кутиладиган асосий натижа таълим-тарбия имкониятлари ва таълим олувчилар ёш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда таълим ва тарбия борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, сифат даражасини кўтариш имконини беради.

Таълим-тарбияда бош мақсадимиз – ўқувчини билим олиш ва юқори маданиятли бўлишга ўргатиш, ундаги ухлаб ётган буюклик хислат ва қобилиятларини уйғотиш, ташабускорлик ва тадбиркорлик, жамоада фаоллик ва лидерликка лойиқлик имкониятлари борлигига ишонтиришдир. Ушбу мақсаднинг амалга ошиши эса ўқувчининг Ватанига содиқ, юксак эътиқодли ва замонавий билимли қилиб тарбиялаш учун барча имкониятларни яратади.

“Устоз-шогирд” анъанаси доирасида устозлар ўқувчиларнинг маънавий-аҳлоқий қиёфасини шакллантириш, уларнинг дунёқараши, жамиятда фаол фуқаро сифатида ўз ўрнини топиш учун зарур бўлган ижтимоий – сиёсий билимлар билан қуроллантириш мақсадга мувофиқдур. Сайловолди дастуримизда кўрсатилганидек, Ўзбекистоннинг келажаги соғлом ва баркамол ёшлар қўлида.

Муродбек ҒОФУРОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Андижон вилояти бўлими раҳбари,

Ўзбекистон «Адолат” СДП Андижон шаҳар Кенгаши фаоли

                           

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+