Янгиликлар 2283
Барқарор тараққиёт - инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг бош омили
Маълумки, минтақамизнинг кўҳна ва бой маданий мероси глобал аҳамиятга эга. Ўзбекистон 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказишга тайёр эканлигини юртбошимиз маълум қилдилар.
Давримизнинг ўткир муаммоларидан яна бири – глобал иқлим ўзгаришларидир. Бугунги кунда ҳар бир мамлакат бу жараённинг салбий таъсирини ҳис этмоқда. Минг афсуски, бундай ўзгаришлар Марказий Осиё тараққиётига ҳам катта хавф туғдирмоқда. Мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилди. Умид қиламизки, ушбу фонд оғир экологик ҳудудда яшаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг таянч платформаси бўлиб хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.
Қашшоқлик айниқса пандемия шароитида кескин тус олмоқда. Тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчамизни безовта қилиши зарур.
Бизни энг қувонтирган маълумот давлатимиз раҳбари сўзининг якунида қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этганлиги бўлди. Фуқароларимизнинг фаровонлиги ва ҳаётдан рози бўлиб яшаётганларини кўриш энг олий бахтдир.
БМТ ташкил этилганининг 75 йиллик юбилейи барчамизга муборак бўлсин, деймиз. Бугунги кунда, айниқса, жаҳон ҳамжамиятида вужудга келган янги вазиятга мослашиши учун бор куч ва имкониятлардан фойдаланиб, Ўзбекистон БМТ тузилмалари билан яқин ҳамкорликни янгича ташаббус билан давом эттираверади.
Дилрабо ЧОРИЕВА,
ҳуқуқшунос, партия фаоли.
Фикрингизни қолдиринг