Янгиликлар 1602
Беҳзод Мусаев янги соғлиқни сақлаш вазири
Тиббиёт соҳасини замонавий фикрлайдиган, чуқур билимли, масъулиятни ҳис этадиган, ҳар жиҳатдан етук кадрлар билан таъминлаш масаласига бугун давлат даражасида эътибор қаратилмоқда
Ҳар қандай соҳа ривожи шу йўналишда тайёрланаётган кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Гарчи, энг замонавий техникалар, сўнгги технологиялар соҳага киритилса-да, бинолар реконструкция қилиниб, мукаммал бошқарув тизими шакллантирилса-да, кадрлар масаласида оқсаш бўлса, соҳа ривожида кутилган натижа бўлмайди.
Ўтган давр мобайнида давлатимиз раҳбари томонидан республикамизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш ва унинг ривожини янги босқичга кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Албатта, бу ҳақида гап кетганда кейинги беш йилда соҳага оид 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари, жумладан, 2019-2025 йилларда Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинганини таъкидлаш лозим.
Юртбошимиз фармони билан Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Анварович Мусаев расман Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланиши ҳам бу соҳада амалга оширилаётган ишларнинг узвий давоми бўлди десак, муболаға бўлмайди.
Беҳзод Мусаев тиббиёт соҳасидан чиқмаган бўлса-да, бошқарувчи сифатида катта тажрибага эга. У бунгача ҳам Бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари сифатида тиббиёт соҳасига бош-қош бўлиб келаётган ва коронавирус пандемияси даврида қатор ташаббуслар кўрсатганди. Коронавирус пандемияси бутун дунё қатори халқимиз, айниқса Ўзбекистон тиббиёти учун ҳам жиддий синов бўлганини барчамиз яхши биламиз.
Беҳзод Мусаев лавозимига киришган илк кунлариданоқ пойтахт шифохоналаридаги вазиятни ўрганиб, зудлик билан зарур чоралар кўрилди.
Бу каби тизимда қилиниши лозим бўлган ишларнинг ўз вақтида, тезлик билан амалга оширилиши соғлиқни сақлаш соҳасининг янада яхшиланишига олиб келиши шубҳасиз.
Пўлат ҲАМЗАЕВ,
“Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши
раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг