Чирчиқ шаҳрида белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди

30.06.2021 20:06:57

Жорий йилнинг  29-30 июнь кунлари  Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг янгидан барпо этилган кураш залида  белбоғли кураш бўйича 2001-2002 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар  ўртасида Ўзбекистон чемпионати  беллашувлари  бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг йиллик-тақвим режасидаги мазкур чемпионат баҳсларида  Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва  вилоятлардан  200 нафарга яқин полвонлар белбоғли курашнинг классик ва эркин йўналишларида куч синашишди.

Юқори савияда ташкил этилган чемпионатнинг биринчи кунида регламентга мувофиқ, тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Маросимда Ўзбекистон "Адолат" СДП Сиёсий  Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраев, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, ЎзДЖТСУ ректори Маҳмуджон Болтабоев,  Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Зухра Миргазиева, Чирчиқ шаҳар прокурори Хайрулла Бўриев, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Бобур Мамировлар иштирок этишди ва мусобақа қатнашчиларини қизғин табриклаб, медалларни қўлга киритишда омад ёр бўлишини тилашди. Шунингдек, очилиш маросимига таклиф этилган ушбу  меҳмонлар иштирокида жисмоний тарбия ва спорт университетининг  талабалар маданият саройида ташкил этилган университет музейидан жой олган белбоғли кураш тарихига оид экспонатлар билан ҳам танишишди.

Қизғин ва муросасиз ўтган мусобақанинг биринчи кунида ўғил болалар классик йўналишда 8 та вазнда, қизлар эса 6 та вазн тоифасида кураш тушишди. Чемпионатнинг иккинчи кунги баҳсларида ўғил болалар эркин йўналишда  8 та вазн тоифасида ғолиблик учун беллашишди.  

Беллашувлар якунига етгач, ғолиб ва совриндор спортчилар медаль, диплом ҳамда белбоғли кураш федерацияси билан ушбу мусобақада  яқиндан ҳамкорлик қилган Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги, Чирчиқ шаҳар прокуратураси, Ўзбекистон “Адолат” СДП ва бошқа ташкилотлар ҳомийлигидаги қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотланишди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур Ўзбекистон чемпионати ғолиблари жорий йил сентябрь ойида  Қозон шаҳрида (Россия)  Биринчи МДҲ ўйинларида иштирок этиш, шунингдек, октябрь ойида мамлакатимизда ўтиши кутилаётган жаҳон чемпионтига йўлланмаларни қўлга киритишди. 

 

Равшан ДАСТИРОВ, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар Кенгаши раиси,

Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+