Янгиликлар 1026
Бемор болаларга қувонч улашилди
Инсоният тарихидан барчамизга маълумки неъматлар ичида саломатликнинг баҳоси йўқ. Инсон саломат бўлмаса, на фароғат ва на ҳашамат татийди. Айниқса, бемор фарзанд бўлсачи, бу дилбанди, юрагининг бир парчаси учун, унинг биргина кулгиси учун дунёларни бахшида этишга тайёр бўлади инсон. Халқимиз асл бахтни фарзандлари саломатлиги, бахту камолида деб билади. Лекин бу ҳаёт. Унинг турли синовлари, ўнқир-чўнқирлари бор. Айниқса, улар саратон билан хасталанган бўлса... Мурғак вужудни, кичкинтойларни ушбу хасталик билан оғриганини эшитишни ўзи оғир, бу хасталикдан қийналаётган болажонларнинг аҳволини тасаввур қилишни ўзи оғриқли.
Ана шундай оғир дард билан мардонавор курашаётган жажжи болажонларга озгина бўлсада қувонч улашиш, уларнинг дилларига хушнудлик бахш этиш истагида Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий - амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиалида даволанаётган бемор болажонлар ҳамда уларнинг ота-оналар ҳолидан хабар олиб байрам тадбири ташкил этилди.
Дастлаб тадбир ташкилотчилари ушбу тиббиёт масканида беморлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, шифокорларнинг соҳа ривожига хизмат қиладиган таклиф ва мулоҳазаларини тингладилар.
Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган партиянинг вилоят Кенгаши раиси М.Бабабекова мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, тиббиёт соҳасига қаратилган ва яратилган имкониятларнинг негизида инсон манфаатлари ва қадр-қиммати мужассам экани тўғрисида гапирди. Шунингдек, айни кунларда халқимиз томонидан илиқ кутиб олинган Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси, 2023 йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб номлангани ҳам инсонлар қадрини улуғлашга қаратилгани билан аҳамиятли экани хусусида гапирди.
Шундан сўнг болажонларга байрамона кайфият улашиш мақсадида янги йил совғалари болажонларга ҳамда марказда даволанаётган беморларга улашилди.
Шунингдек Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий - амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиалига Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Муҳиба Бабабекова ҳомийлигида икки дона ногиронлик аравачаси тақдим этилди.
«Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раис ўринбосари: Лола Саидова.
Фикрингизни қолдиринг