Янгиликлар 2193
"Беморларга меҳр ва эътибор билан қанот бўлдик"
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Зангиота туманидаги коронавирус пандемиясини даволашга ихтисослашган 2-сон махсус шифохонасида “Шифокорлар – замонамиз қаҳрамонлари” мавзусидаги тадбирда сўзга чиққан шифокорлар ҳукуматимизга, тадбир иштирокчиларига миннатдорчилик билдириб, ўзлари учун ҳам, беморлар учун ҳам барча шароитлар яратилганини таъкидлашди.
Мухлиса Нодирова, Зангиота туманидаги коронавирус пандемиясини даволашга ихтисослашган 2-сон махсус шифохонаси катта ҳамшираси:
– Мен Юнусобод туман 1-сон болалар клиник шифохонасида катта ҳамшира бўлиб ишлайман. Зангиотадаги мазкур шифохонада ҳам катта ҳамшира вазифасини бажаряпман. Юртимиз бошига тушган оғир шароитда ватандошларимизга озми-кўпми фойдам тегсин деб шу ерда ишлашни мақул топдим. Беморларга хизмат кўрсатиш жараёнида уларга кўпроқ эътибор ва ғамхўрлигимиз, меҳр бера олишимиз қанот бўлишини дилдан ҳис қиламан. Шунинг учун ҳар доим улар билан яхши муомалада бўлишга, кўпроқ эътибор кўрсатишга ҳаракат қиламан. Бу, албатта, ўз натижасини бермасдан қолмайди. Шифохонада шароитлар жуда яхши. Барча қулайликлар мавжуд. Мана, бугун партия бизга ташаккурномалар ҳадя этди. Ўйлайманки, бу умрим давомида авлодларим олдида мен фаҳр билан тилга оладиган мукофот бўлиб қолади.
Умида Худойбердиева, Зангиота туманидаги коронавирус пандемиясини даволашга ихтисослашган 2-сон махсус шифохонаси ҳамшираси:
– Бу ерга ўз хоҳишим билан келдим. Тўғри, бошида қўрқув бўлди. Чунки, шифокорлар, ҳамширалар касалликни юқтириб олишаётгани ҳақида эшитардим. Бироқ вақтида Гиппократ қасамини ичганмиз ва кийган оқ халатимизга ҳеч қачон доғ туширмасликка ваъда берганмиз. Қолаверса, юртимиз фуқаролари бу – кимнингдир опаси, онаси, отаси ёки синглиси, қариндоши бўлиши мумкин. Уларнинг ўрнига ўзимизни, яқинларимизни қўйиб кўриш керак. Инсонийлик жиҳатидан ҳам бу ишимни тўғри деб билдим. Шифохонада яратилган шароитлар аъло даражада бўлганлиги учун қўрқувим ҳам йўқолди. Сабаби, бу ерда эҳтиётингизни қилиб юрсангиз коронавирус сизга юқмайдиган шароит яратилган экан. Шу вақтгача ушбу муассасадаги шифокорларимиз орасида ҳам, биз ҳамширалар орасида ҳам касалликка чалиниш ҳолати кузатилмади.
Фикрингизни қолдиринг