Янгиликлар 3915
Берунийдаги митингда аҳолининг сиёсий онги намоён бўлди
Беруний туманидаги Абу Райхон Беруний хиёбони ҳар қачонгидан бошқача безатилган. Атрофдаги “Адолат” СДПнинг ғоя ва мақсадларини ифодаловчи баннерлар йиғилганлар эътиборини жалб этади. Хамма аъло кайфиятда. Чунки бу ерда Ўзбекистон «Адолат» СДП Беруний туман Кенгаши томонидан «Биз коррупцияга қаршимиз!» шиори остида митинг ташкил этилди.
Унда партиянинг Корақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар ва барча кўнгиллилар иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бу йилги сайловлар арафасида олға сурилаётган энг муҳим вазифаларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, коррупцияга барҳам бериш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг бепул бўлишига эришишда партия олдида турган вазифаларга урғу берилди.
Нурсултан Кузенбаев, Ўзбекистон «Адолат» СДП Беруний туман Кенгаши раиси:
-Бугунги митингда Беруний туман аҳолисининг декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга фаол даражада тайёр эканлиги номоён бўлди. Олдинги сайловларга қараганда сиёсий онги ҳам ошганлиги яққол сезилди. Биз тадбир доирасида аҳолини ўз сайловолди дастуримизнинг мақсад ва вазифалари билан таништирдик. Ўз навбатида улар ҳам қизиқтирган саволларини бериб, жавоблар олишди.
Митинг доирасида викторина ўйинлари ҳам ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига сайлов, сиёсий партиялар ва мамлакатимиз парламенти фаолияти ҳақида саволлар берилди. Саволларга биринчи ва тўғри жавоб берган қатнашчилар совғаларга эга бўлдилар.
Митинг доирасида партия томонидан амалга ошираётган ишлар йигилганларга етказилди.
Айшолпан ОРАЗЫМБЕТОВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг