Янгиликлар 3571
Беш ташаббус маҳалладан бошланиши лозим
Фарзандларимизни бўш вақтини самарали ташкил этиш ҳамда уларни санъат, спорт, китобхонлик ва компьютер технологияларига қизиқишларини орттириш мақсадида Президентимиз томонидан беш ташаббус ишлаб чиқилди. Қисқа вақт мобайнида бу ташаббуслар оммалашиб қамров даражаси ортиб бормоқда. Бу ўринда таълим муассасалари, олий ўқув юртлари таянч вазифасини ўтаб бермоқда.
Шу ўринда бу ташаббуслар ижросига маҳалларни қўшиш ҳам анча яхши натижа бериши мумкин. Бошқа давлатларда анологи йўқ маҳалла институти халқимиз орасида “Ватан ичра Ватан” дея таърифланиб келинади. Лекин айрим ҳудудларда қўни-кўшничилик, маҳалла аҳолиси ўртасида илиқ муносабатлар йил сайин камайиб бормоқда. Буни ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотлардан ҳам билиш мумкин.
Шунингдек, атрофни, фарзандларимизни кузатиш орқали ёш авлод компьютер, интернет уйинларидан бошқа қизиқиши қолмаётгандек кўринмоқда. Шу ўринда ўзимизнинг ёшлик чоғларимиз беихтиёр ҳаёлга келади. Туманимизда маҳаллалар ўртасида спорт ва маданий тадбирлар бўйича мусобоқалар бўлар эди. Маҳалладаги тенгдошларимиз йиғилиб, спорт мусобоқалардан футбол, волейбол, кураш, тош кўтариш, енгил атлетика, теннис, шахмат-шашка ва шунга ўхшаган кўпгина спор турлари бўйича куч синашар эдик.
Бундан ташқари адабий-бадиий йўналишда ҳам шеърхонлик, спектакллар саҳналаштириш шулар жумласиндандир. Ғолибларга мукофотлар берилар ва кейинги босқичларда иштирок этиш учун маҳаллани обрўсини ошириш учун қизғин баҳслар ўтказилар эди.
Ушбу хотиралар ёдимга келар экан Президентимизнинг беш ташаббусларини энг аввало маҳаллалардан бошлаш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Сабаби спорт билан шуғулланишга барча ҳудудларда шароитлар яратилар, маҳалла ёшлари ушбу мусобақа ва кўрик-танловларга ойлаб тайёргарлик кўриш натижасида бир-бири билан иноқ бўлиши, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат эътибор ошишига хизмат қилади.
Натижада аҳолимизнинг кўпчилиги спорт, санъатга ошно бўлади ва миллий қадриятларга ҳурмат, жамоавийлик руҳида тарбияланади.
Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Фикрингизни қолдиринг