Билаги зўр бирни, билими зўр мингни йиқар ёки энг оптимал ечимлар қамраб олинган фармон

06.11.2020 15:11:44

Инсониятнинг неча асрлик тамаддуни йўлида олдинда маёқ бўлиб турган ягона ўчмас чироқ бор, бу ҳам бўлса илм-фандир.

Бани башар неки бемисл муваффақиятларга эришди, неки оламшумул кашфиётларни яратди – барча-барчасининг замирида илм-фанга интилиш ва унга астойдил хизмат қилиш ётади.

Биз илмни, фанни ҳурмат қилувчи халқмиз. Бежиз аждодларимиз бот ва бот «Бешикдан қабргача илм изла», «Илмни Чинга бориб бўлса ҳам ўрган», «Илм олмоқ ҳар бир муслим ва муслима учун фарз» ҳикматларини такрорлаб келишмаган.

Президентимиз Шавкат  Мирзиёев "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табрик нутқида таъкидлаганидек, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам айнан илм-фан, таълим ва тарбиядир.

Халқимиз нақадар доно. Баъзан жаҳоний кўламга эга ҳикматлар элимизнинг тилдан-тилга ўтиб юрадиган оддийгина нақлларга жо бўлади. Эътибор беринг-а, «Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни йиқар», дейди миллатдошларимиз.  

Дарҳақиқат, шундай. Дунё тараққиёти бу ҳақиқатни қайта-қайта исбот этмоқда. Бугун анча торайган, интеграциялашган, бор-йўқ «салмоғи Қуванинг анорича» она сайёрамизда айнан илм-фанга ихлос ила ружу қўйган, унинг сарҳадсиз имкониятларидан унумли фойдаланган, энг сара, энг эҳтиёж катта янгиликларини амалиётга татбиқ эта олган мамлакатлар пешқадам, ривожланган дея эътироф этилаётган давлатлар қаторининг олдинги ўринларини эгаллаб турибди.  

Энг асосийси, илм-фан кашфиётлари, инқилобий ютуқлари бани башарга хизмат қилмоқда, унинг оғирини енгил этмоқда, инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришига камарбаста бўлмоқда.  

Шубҳасиз, бу умумбашарий жараён, тараққиёт йўлидан Ўзбекистонимиз четда қолиши мумкин эмас. Зеро биз бир эмас, икки маротаба Уйғониш даврининг кашфиётларига, маънавий комилликларига гувоҳ бўлган сарҳад фарзандларимиз. Ахир оққан дарё оқмасдан қолмас. Не тонгки, Юртбошимиз, элимиз саъй-ҳаракатлари билан она Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдевори бунёд этилмоқда. Бу пойдеворнинг асосий ўзаги, устунларидан бири эса, шубҳасиз, илм-фандир.

Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз, сўнгги тўрт йил мобайнида Ўзбекистонимизда илм-фанга бўлган муносабат ижобий томонга кескин ўзгарди. Илм-фан яна қайтадан аввалги мавқеига эга бўлмоқда, ҳаётимизда устуворлик касб этмоқда.

Долғали, фан-техника ютуқлари мисли кўрилмаган чўққиларни эгаллаган йигирма биринчи асрнинг талабларини, эҳтиёжларини чуқур англаган Давлатимиз раҳбари мана шу эзгу жараён янада кучайиши, илм-фан ҳаётимизнинг, тараққиётимизнинг ажралмас узвий қисмига айланиши, бундай юксак даражадаги эътибор ва ғамхўрликнинг самаралари тезда ва кўламдор тарзда ўзини намоён этиши учун барча имконият ва саъй-ҳаракатларини ишга солмоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони мана шу эътиборнинг яна бир бор амалда ифода бўлишидир. Эълон қилинган Фармон энг аввало, илмнинг нажоткор, халоскор куч, жами муаммоларнинг калити эканлигига  далолатдир. Айни пайтда,  илм Учинчи Ренесансга киришаётган миллатимиз учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга.

Мазкур Фармоннинг ҳаммамиз учун жуда катта аҳамиятга эга бўлган ҳар бир банди ҳақида узоқ мулоҳаза юритишимиз мумкин. Зеро, Фармонда илм-фан соҳасида бошқарув тизимини, илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда молиялаштириш манбаларини диверсификациялаш, юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни илмий фаолиятга йўналтириш, илм-фанни ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини яратиш, илм-фан тараққиётига кўмаклашувчи замонавий ахборот муҳитини шакллантириш сингари бугунги давримиз учун ўта муҳим бўлган масалаларнинг энг оптимал ечимлари қамраб олинган.

Бизни мамнун этган яна бир жиҳат шу бўлдики, Фармон ғоялари Ўзбекистон «Адолат» СДП ғояларига ҳамоҳанг. Зеро, партиямизнинг Сайловолди дастурида илм-фанга алоҳида эътибор қаратилиб, жумладан шундай дейилган: “Илмлилик – саодатдир, илмсизлик – мусибат! Биз кучли ижтимоий сиёсатни мамлакатимизнинг келажаги буюк бўлишини таъминловчи инсон капиталига қаратамиз. Таълимга инвестиция киритиш бу – келажакка сармоя киритиш, халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омилдир”.

Шубҳасиз, Президентимизнинг ўз вақтида қабул қилган долзарб фармони бутун «Адолат»чиларнинг келгуси фаолиятига ёрқин дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Зеро, Фармонда таъкидланганидек, илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантириш ва истиқболда унинг мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, илмий-тадқиқот муассасаларини модернизация қилиш, замонавий инновацион технологияларни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага жадал татбиқ қилишни ривожлантириш Президентимиз илгари сураётган устувор ғоялардан бири – халқни рози қилиш, уни фаровонликка олиб чиқиш йўлидаги тинимсиз изланишларнинг инъикосидир.

 Абдукамол Раҳмонов,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+