Янгиликлар 1566
Билимли миллат кам бўлмас
Ҳар бир давлатнинг барқарор тараққиётини таъминлашда асосий пойдевор – инсон омили, унинг интеллектуал салоҳияти билан узвий боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, мамлакат аҳолисининг катта қисми замонавий билим ва кўникмаларга эга ёшлардан иборат эканлигини инобатга олган ҳолда, мазкур қатлам ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги манфаатларини ҳимоя қилиш ва кузатилаётган долзарб масалаларнинг назарий ва амалий жиҳатдан ечимини топиш кун тартибидаги муҳим вазифадир.
Ўтган даврда бу борада қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган бўлиб, улар ёшларнинг интилиш ва иқтидорларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга оид, раҳбар кадрларнинг бошқарув салоҳиятини юксалтириш бўйича мустаҳкам тизим ишлаб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси ва амалий кўмаги асосида ёшлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган жами 40 та Қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 3 та Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та Фармони, 2 та Фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 18 та Қарори ва 4 та Фармойиши имзоланди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда аҳоли умумий сонининг 60%дан ортиғини 18 миллион кучли, шижоатга эга, ғайрати ичига сиғмаган ёш фуқаролар ташкил этади. Икки йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил қилинди ҳамда 30 июнь санаси мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон амалиётида бутунлай янги тизим, яъни ёшларнинг турли долзарб муаммоларини ўрганиш билан шуғулланадиган махсус – Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилди. Ушбу муассасанинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида ташкил этилганлиги институтнинг илмий-методик ва таҳлилий-тадқиқот фаолиятини замон талаблари асосида шакллантирилиши учун асос бўлди.
2019 йил 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига янги тизим асосида ёндашиш бўйича 5 та муҳим ташаббус илгари сурилди. Бу орқали давлатимиз раҳбари “Ёшларимизни маънавий баркамол қилиб тарбиялаш, уларни турли зарарли ва ёт ғоялар таъсиридан асрашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги”ни таъкидлаб ўтди. Қайд этиш керакки, бу каби ишлар ёшлар сиёсати соҳасида янгича механизмлар сирасига кириб, уларни санъат, мусиқа ва спортга жалб этиш борасида катта тарбиявий аҳамиятга эгадир.
Шунингдек, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-аҳлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан”.
Маълумки, ўзгаришлар даврида таълим тизими, ижтимоий жараёнлардан келиб чиққан ҳолда, шиддат билан ривожланишни тақозо этади. Таълим орқали жамиятда келажакдаги вазифаларни бажаришга қодир бўлган янги авлод шакллантирилади. Бошланғич таълим инсоннинг етук шахс сифатида шаклланишидаги асосий бўғин ҳисобланиб, унинг сифатига қараб миллатнинг умумий саводхонлигига баҳо берилади. Бугунги кунда хорижий давлатлар тажрибасида миллий таълим тизимининг ривожланиш даражаси мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётига бевосита таъсир кўрсатаётганлигини кўриш мумкин.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда ўқувчи ёшлар билимлари даражасини баҳолашнинг “миллий баҳолаш тизими” мавжуд эмас. Бу эса, ҳудудлар кесимида ёшлар томонидан у ёки бу фанни ўзлаштириш даражасининг сифати ва соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўламини белгилаб бериш ва тегишли ислоҳотлар ўтказиш имкониятини чеклаб қўймоқда. Хусусан, дунёда таълим сифати, савияси ва даражасини аниқлаб берувчи PISA (ўқувчиларни таълимдаги ютуқларини баҳолаш халқаро дастури), PIRLS (матнни ўқиш ва тушуниш даражасини аниқловчи халқаро тадқиқот), TIMSS (мактабда математика ва аниқ фанлар сифатини тадқиқ қилувчи халқаро мониторинг) каби бир қатор халқаро дастурлар мавжуд бўлиб, улар ривожланган давлатлардаги таълим сифатини янада оширишга мезон сифатида кенг қўлланилиб келинмоқда.
Шу билан бирга статистик маълумотларга қараганда олий маълумотли битта мутахассис тайёрлаш учун мамлакат бюджетидан тахминан 20 минг АҚШ доллари, ўрта-махсус маълумотли мутахассис учун эса қарийиб 10 минг АҚШ доллари сарфланар экан.
Бир сўз билан айтганда, 2021 йилда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга ошириладиган ишларнинг аксарияти сўнгги йиллар сирасида ёшларга оид сиёсатнинг амалий давоми десак муболаға бўлмайди.
Дунё миқёсида илм-фан, саноат, қишлоқ хўжалиги, армия ва саводхонлик масалалари таназзулга учраётган, туғилиш, ахлоқ, таълим кўрсаткичлари тушиб кетаётган, болалар ўлими, гиёҳвандлик даражаси ўсиб бораётган, экологик бўрон хавф солаётган, маънавий инқироз “оломон маданияти” тарзида намоён бўлаётган бир пайтда ёшларни бу таҳдидлардан асраб қолиш ҳукумат даражасига кўтарилган ёшларга оид оқилона давлат сиёсатининг нақадар муҳимлигини кўрсатади.
Айнан шу масалалар давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқига Мурожаатида ўз аксини топди ва ёшларнинг таълим олиши билан боғлиқ аниқ мақсадли ва манзилли устувор вазифалар белгиланди. Жумладан,
- Боланинг таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини ўстиришга мўлжалланган янги дарсликлар тайёрлаш бошланади.
- Бошланғич синфларда ДТС ўрнига болага ортиқча юклама бермайдиган «Миллий ўқув дастури» жорий этилади.
- Бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа 100 фоиз устама тўланади.
- Ҳудудларда хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш учун бюджетдан субсидиялар ажратилади.
- 10 та президент мактаби; кимё-биология, математика ва АТга ихтисослашган 197та мактаб очилади.
- ОТМларда давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади.
- Хотин-қизлар учун грантлар сони 2 баробарга оширилиб, 2 мингтага етказилади. Аъло ўқиётган эҳтиёжманд қизлар учун стипендиялар таъсис этилади.
- Давлат кадрлар тайёрлаш бўйича хусусий ОТМларга ҳам буюртма бера бошлайди.
- 30 та ОТМга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади.
- 2021 йилда «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали етакчи хорижий ОТМларга магистратура ва докторантура ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади.
- 2021 йилда илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 2017 йилга нисбатан 3 баробарга оширилади (4,5 минг нафарга етади).
- Илмий унвонлар ва даражалар бериш ваколати олийгоҳларнинг илмий кенгашларига ўтказилади.
- Физика ва чет тиллари кейинги йилга илм-фаннинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.
Цивилизациянинг илк босқичларидан ҳозирга қадар аҳамиятини йўқотмаган долзарб муаммолардан бири ёшлар масаласидир. Ўз даврининг буюк мутафаккирлари, алломаю давлат арбоблари жамият тараққиёти, барқарорлиги ва тинчлигини ёшлар тарбияси билан боғлаган. Қаерда соғлом муҳит, мукаммал ахлоқий тарбия, қадриятлар ва анъаналарга эҳтиром бўлса, ўша жойда тараққиёт, юксалиш, хотиржамлик ва фаровонликка эришилган. Ёшлар тарбиясига лоқайдлик ва эътиборсизлик қилинган ҳудудда инқироз ва таназзул рўй берган.
Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани эътиборга лойиқки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, “келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш биз олиб бораётган давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишдир”.
Гулруҳ АГЗАМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг