Янгиликлар 1838
Билимли ёшлар тараққиётга етаклайди
Жорий йилнинг 3 февраль куни Президент Фармони билан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.
Ушбу Фармон билан Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари бўйича амалга ошириладиган вазифалар, жорий этиладиган тартиб ва амалиётлар белгиланди. Давлат дастури 273 банддан иборат бўлиб, унда белгиланган тадбирларни амалга оширишнинг жами ҳаражатлари 29,5 триллион сўм, 2,6 миллиард доллар ва 57,5 миллион еврони ташкил этади.
Фармонга кўра, ёшларимиз учун имтиёзлар ва катта имкониятлар белгиланган. Масалан, ОТМга киришда энг юқори балл тўплаган 200 та ёш учун Президент гранти жорий этилиши бу ёшларга берилаётган имтиёз билан бирга, таълим сифатини янада оширишга қаратилаётган эътибор деб тушунаман. Сабаби Президент гранти учун билимга чанқоқ ёшларимиз ўртасида рақобат пайдо бўлади. Рақобат эса тараққиётимизга катта замин яратади. Бундан ташқари, ОТМда 2 ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити берилиши айниқса пандемия шароитида даромадсиз қолган оилалар учун катта кўмак бўлади десам асло муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбари томонидан эҳтиёжманд оилаларни ўйлаган ҳолда ва ёшларнинг қизиқишларини янада ошириш мақсадида давлат грантлари 25 фоизга, эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти 2 баробарга оширилмоқда. Бу хусусий ОТМларида ҳам давлат гранти берилиши назарда тутилган.
Ёшларнинг хорижда ҳам таълим олишлари учун имкониятлар яратилиб берилмоқда. Яъни, 2021 йил 1 апрелдан “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижга магистратура ва докторантурага юбориладиганлар 5 баробарга оширилади. Ушбу жамғарма ҳисобидан хорижда бакалавриат бўйича ўқитиш жорий этилиб, 2021 йилда хорижга 100 та талаба юборилади. Бу эса куни келиб ўз мевасини беришига шубҳам йўқ.
Бундан ташқари 2021 йилда 22 та боғча бинолари, 31 та янги мактаб, 16 та ОТМ бинолари, 24 та соғлиқни сақлаш объектлари ҳамда 23 та спорт объектлари қурилади.
Умуман олганда мақсад эртанги куни ёш авлоднинг соғлом ва ҳар томонлама етук комил инсонлар бўлиб, ўзининг билими, илми билан юртимиз тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшадиган ёшлар бўлиб етишиб чиқишлари учун қўйилаётган катта қадамлар ҳисобланади. Бу йўлда биз ҳамиша камарбаста бўламиз!
Баҳадир ЖУЗБАЕВ,
«Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг