Янгиликлар 1677
Бино қаровсиз эмас – эътиборда!
Ижтимоий тармоқларда Чирчиқдаги тиббиёт муассасаси биносидаги оғир шароит акс этган суратлар тарқалиб, айрим интернет фойдланувчиларининг муҳокамаларга сабаб бўлди.
“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши фаоллари томонидан ушбу масала бўйича ўрганиш олиб борилиб, суратда акс этган бино хабарда ёзилганидек Чирчиқ марказий поликлиникаси эмас, Тошкент вилояти перинатал маркази 1-туғуруқ бўлими маъмурияти биноси эканлиги маълум бўлди. Демак, келтирилган далиллар жой номи бўйича тўғри эмас. Бундан ташқари, назарда тутилган бино маъмурият биноси бўлиб, беморлар қабул қилинмайди.
Албатта, тиббиёт ходимлари маъмурий фаолиятларини амалга оширишлари учун ҳам суратда акс этган шароит кўнгилни хира қилади. Расмлардан аёнки, бино анча таъмирталаб, замонавий талабларга мос эмас. Бу бўйича Тошкент вилояти перинатал маркази директори Б.А.Джуманов Тошкент вилояти ССБ бошлиғи Т.Арзиқуловга расмий муносабат билдирган.
Қайд этиш лозимки, марказ охирги марта 2006 йили таъмирланган. Перинатал марказ раҳбарияти томонидан Тошкент вилояти ҳокими ва Тошкент вилояти молия бошқармасига 2020 йил аввалида марказ биносини таъмирлаш учун пул маблағлари ажратилиши юзасидан сўров хатлари юборилган. Шунга асосан 2021 йил учун вилоят молия бошқармаси билан доимий смета бўйича таъмирлаш режаси келишиб тасдиқланган. Таъмир учун 800.000.000 (саккиз юз миллион) сўм маблағ ажратилган.
Демак, интернет фойдаланувчилари томонидан кўтарилган муаммо ҳал этилиш босқичида, энг муҳими, масаланинг ечим йўли белгиланган.
Ҳарқалай битта савол кун тартибида тургани маъқул – мазкур бино 2021 йил якунига қадар замонавий қиёфа касб этишига умид қилсак бўлармикин? Буни вақт, албатта, кўрсатади.
Фотима САТТОРОВА,
“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг