Биоэнергетика анъанавий энергия манбаларининг муқобили

08.06.2020 16:06:19

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 4 май куни ёқилғи-энергетика тармоғида самарадорликни ошириш, энергия сарфини оптималлаштириш масалалари юзасидан ўтказган йиғилишида “Қайта тикланувчи энергия манбалари – ҳали тўла фойдаланилмаётган улкан резервлардан бири. Албатта, бу йўналиш бошида катта харажат талаб қилади. Лекин, бу келажакда табиий газ ва нефть танқислигини ҳал қилиш, истеъмолчилар учун эса сарф-харажатларни камида 2 баробар тежаш имконини берса, ўзини оқлайди. Мисол учун, агар 150 мингта хонадонга қуёш панеллари ва сув иситиш тизимлари ўрнатилса, йилига 319 миллион куб метр табиий газни тежаса бўлади” - деб таъкидлади.

Мамлакатимизда иқтисодиётни кескин ривожлантириш бўйича катта мақсадлар белгиланган. Бунинг учун янги энергия қувватларини ишга тушириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш талаб этилади.

Ушбу йиғилишда таъкидланишича, юртимизда минг долларлик ялпи ички маҳсулот яратиш учун ривожланган давлатларга нисбатан 2-3 баробар кўп энергия сарфланаётганлиги, нефть маҳсулотларига йиллик талабнинг 44 фоизи импорт ҳисобидан қопланаётганлиги қайд қилинди. Шу боис яқин йилларда энергия сарфини 2-2,5 баробарга қисқартириш масалалари муҳокама қилинди.

Оммабоп қишлоқ хўжалиги техникаси ва юк автомобилларини газга мослашган ҳолда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлиги вазифаси қўйилди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган энергиянинг 40 фоизи биноларни иситиш ва ёритишга сарфланиши, бу жараёнда исрофгарчилик ҳам кўплиги айтилди.  Масалан, 1 квадрат метр майдонни иситиш учун юртимизда ўртача 400 киловатт-соат, иқлим шароити бизга яқин ривожланган давлатларда эса 170 киловатт-соат энергия ишлатилади.
Шу боис кўп қаватли уйларни лойиҳалаш ва қуришда энергия тежовчи технологияларни кенг қўллаш, ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини оширишга хорижий инвестициялар жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди. Саноатдаги энергия сарфи ҳам таҳлил қилинар экан, ҳар бир соҳа ва тармоқ кесимида ушбу ресурсни тежаш ва самарадорлигини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Халқаро энергоаудит ташкилотларини жалб қилиб, 285 та йирик саноат корхонасининг энергия самарадорлигини ўрганиш, уч сменада иш ташкил этган тадбиркорларга кечки смена учун электр тарифини 1,5 баравар камайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш, қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, жаҳон тажрибаси асосида истеъмолчиларга қўшимча шарт-шароит яратиш муҳимлиги қайд қилинди. Шунингдек, соҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш, вилоятларда қуёш фотоэлектр ва шамол электр станциялари қуришга доир масалалар кўриб чиқилди.

  Ҳозирги замон энергетика муаммоларини амалдаги барча ёқилғи ва энергия манбаларидан фақат омилкорлик билан фойдаланиш орқали ҳал этиш мумкин. Дунёда ва Ўзбекистонда кўпроқ ва энергия ресурсларини етишмаслиги масаласи ўткир бўлиб қолмоқда. Унга қарши кураш, дунё миқёсидаги ривожланиш йўналишига ва дунёга тарқалган (глобал) сиёсий ривожланишга таъсир этувчи муҳим омиллардан бирига айланиб бормоқда. Ҳозирги вақтда қуёш, шамол, биоэнергетика муваффақиятли ривожлана бошланди.

Биоэнергетика охирги пайтларда катта энергетиканинг мустақил соҳасига айланмоқда ва дунёда иссиқлик ва электр ишлаб чиқаришида сезиларни ўринлардан бирини эгалламоқда.

Короновирус пандемияси бошланган пайтга тўғри келганлиги туфайли, менинг муаллифлигимда тайёрланган “Ўзбекистонда биоэнергетиканинг инновацион ривожланиши” деб номланган “Илм-фан ва инновацион ривожланиш” журналида мақолам ва нашриётда рисола сифатида чоп этилмай турган эди. Унинг тарғиботини тезлатиш мақсадида,  рисола Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Энергия самарадорлик порталидаги сайтига қўйилди.

Рисолада мен Ўзбекистонда ҳозирги даврдаги биоэнергетиканинг авзалликлари, фойдаланишдаги муаммолар ва унинг ечими бўйича олиб борган изланишлар, тадқиқотлар ва амалий қилинган ишларим натижаларини эълон қилдим.

Унда биоэнергетикани – энг ёш, тез ривожланувчи ва қайта тикланувчи энергия манбалари ичида кўпроқ келажаги истиқболли соҳалардан бири эканлигини асослашга ҳаракат қилдим. Келтирган далилларимда, биоэнергетика анъанавий энергия манбалари  -  нефть ва табиий газларнинг муқобили эканлиги, айниқса, замонавий биоэнергетика технологиялари ичида биогаз ишлаб чиқариш ривожланаётганлиги ва инновацион ишланмалардан  (микроорганизмлардан газ, электр токи олиш, мотор ёқилғиси олиш) бўлиб, келажаги борлигини қайд қилдим.

Лекин Ўзбекистонда ушбу қайта тикланувчи энергия манбаси унча оммалашмаётгани, Ўзбекистонда биоэнергетиканинг ривожланиши ғарб ва осиё мамлакатларидан орқада қолаётгани айтиб ўтдим. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги пайтда, Ўзбекистоннинг умумий энергия тизимида биогаз улуши 1 фоизга ҳам етмаслиги, бундай фарқнинг сабабини, биринчидан, тасаввурда газ ва нефтлар туганмас хазинадек, оқибатда бу мавжудот руҳий бир тўсиққа айлангани; иккинчидан, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан бири бўлган, биоэнергетикани ривожлантириш концепцияси ҳали тасдиқланмагани; учинчидан, биоэнергетикани ривожлантириш бўйича айрим меъёрий-ҳужжатлар, имтиёзлар қабул қилинмагани, бу ишлаб чиқарувчилар учун шу ёқилғини биоэнергетика маҳсулотлари (жумладан, биогаз) сотиш учун кафолат бермаслигини очиқ баён қилдим.

Аммо, шуни яна таъкидлашим мумкинки, Ўзбекистонда ушбу турдаги энергиядан қишлоқ хўжалиги ва турмушда фойдаланишга катта имконият бор. Ўзбекистон республикаси ҳудудида, қишлоқ туманлари инфраструктурасини электр энергияси, иссиқлик энергияси ва ёқилғи, шунингдек, юқори сифатли органик ўғит, юқори ҳосилни олишни таъминлаб, тупроқни табиий ҳосилдорлигини тикловчи ишлаб чиқаришни ташкил этишга, ўзини ўзи таъминлашга етарлича чиқинди мавжуд.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда биогаз қурилмасининг сони, (ҳар хил қувватли) 100 тани ташкил этади, лекин у тез суръатларда кўпаймаяти. Бу шундан далолатки, катта имкониятлар бўлишига қарамай, республикада биогаз қурилмалари амалда дастурларда белгиланган режалар бажарилмаяти ва ундан кенг миқёсда фойдаланиш суст кечаяпти.

Бу ерда Хитой тажрибасини ўрганиш ва қўллаш лозим деб ҳисоблайман. Бугунги кунда қишлоқ туманларида биогаз қурилмаларини жорий этишда у дунёда етакчи. ХХ асрнинг 50-йилларида қишлоқ аҳолиси уйларига 40 миллион биогаз реакторлари ўрнатилган бўлиб, улардан 30 млрд. м3  биогаз олиш мумкин бўлган, шу билан бирга Хитойда биогаз саноати сони ҳар йили бир неча миллионга кўпайиб бормоқда, унда 60 минг киши иш билан таъминланган.

Хитой қурилмаларини ўзига хослиги, унинг ҳажми 6-8 м3 бўлиб, йилига 500 м3 газ ишлаб чиқаради. 2002 йилдан буён ҳукумат биогаз қурилмаларини ривожлантириш учун 200 млн. АҚШ доллари атрофида инвестиция киритган. Тахминан, унинг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб (компенсация) берилган. 2020 йилгача тузилган дастурнинг мақсади, 80 млн. бирликда, шу жумладан, Хитойнинг иқлими совуқ шимолий туманларида ҳам барпо этиш, 2020 йилда дунёда етакчиликка чиқиш, биогаз ишлаб чиқаришни йилига 40 млрд. м3 даражасига олиб чиқишдир. Шунингдек, Хитойда уй хўжалигидаги биогаз реакторидан ташқари, 70 мингга яқин биогаз станциялари ишлаб турибди. Улар Ҳитойдаги 190 та электр станцияларини таъминлайди ва 60 фоиз автобус парки - биогазда ишламоқда.

Иккинчи ўринда Ҳиндистон туради, у ерда 1981 йили 10 млн.га яқин биогаз қурилмаси ўрнатилган ва ҳукумат бу соҳада қурилиш ва фойдаланиш, фермерларни ўқитиш, сервис марказлар очиш ва ишлатиш учун унинг ривожига субсидиялар ажратган.

Рисолада республикамизда биоэнергетиканинг катта имкониятларидан етарлича фойдаланилмаётганлигини ҳам очиқчасига айтишга тўғри келди. Мутассадилар ушбу қайта тикланувчи электр манбасининг маҳаллий шароитда яратилган янги технологияларни қўллашга етарлича қизиқиш билдирмаяти, хатто ундан фойдаланишнинг самарасини хорижга бориб ўрганиб қайтганларини ҳам учратдим. Қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича давлат дастурларига киритилган вазифаларнинг кўпчилик қисми, хусусан биоэнергетикага таалуқли қисми амалда тўлиқ бажарилмаяти. Бунинг сабаби етарлича оддий! Мамлакатимиз анъанавий табиий ресурсларни  жуда катта ресурсларига (нефть, табиий газ, кўмир) эга. Ҳолбуки, биоэнергетиканинг имкониятлардан фойдаланишнинг чегараси йўқ. Жумладан, рисолада биогаз қурилмасидан фойдаланишнинг аҳамиятини мисол қилиб, келтирдим. Бундай қурилмаларни қўллаш, гўнг, чиқиндиларнинг атроф-муҳитга чиқарадиган иссиқхона (парниковый) газларининг 25% камайтириши мумкин. Чорвачилик фермалари – келгусида чорва чиқиндиларини фойдаланиш  имкониятлари  яққол мисол бўла олади, чунки, бу хилдаги биомассалар энергия ишлаб чиқариш учун фойдаланиш мумкин, чунки, ҳайвонлар ҳар куни чиқиндини юзага келтиради (генерация).  Гўнг, чиқиндидан тўғридан-тўғри ёқиш ёки иссиқлик газлаштириш технологиялари ёрдамида биогаз ишлаб чиқариш мумкин. Биогаздан фойдаланиб чорва фермаларида, нафақат пул маблағи иқтисод қилиш мумкин, хатто ортиқчасини бошқа истеъмолчиларга сотиб, фойда олиш ҳам мумкин.  

Бунда сув ўтларидан биодизель ёқилғиси ишлаб чиқариш ҳам қизиқарли мавзу. Бу масала устида охирги йилларда кўп ишланилаётир. Шундай ихтиролар борки, уларни ўрганиб, қўллаб-қувватлаш лозим. Жумладан, яқинда менинг бир  танишим, телефон қилиб, ажойиб ихтироси борлигини, келиб кўришимни илтимос қилди, мен қизиқиб, дарров бориб кўриб, қойил қолдим, термолиз горелкаси, 20-30 фоиз нефть маҳсулоти (отработка) 70-80% сув билан ишлайди (бу ҳақида ўқиган эдим, Г.Аракеляннинг водород трубогенератори принципи, хатто ундан ҳам мукаммал). Энг кичик модели бемалол 250 кв.м иссиқхона ёки яшаш уйини иссиқ ҳаво берадиган пушкада иситиши мумкин, яна бир ихтироси энергия берувчи - қаттиқ ёқилғи, кўмир ва оҳактошда ишлайдиган, газ, суюқ ёқилғи, электр энергияси олиш мумкин бўлган, кўмир ёқилғиси сарфини 8 марта камайтирадиган қурилмалари моделлари билан таништирди. Аммо бу ихтиролар анча вақтдан бери сансалорликлар билан қўллаб-қувватланмай келаётганини, маблағи бўлмаганидан тўлиқ ишлаб чиқариб, оммавий сотишга қўя олмаётганини норози бўлиб, гапириб берди ва мендан агар ёрдам берсам, хатто яратган ихтиромни бирон-бир ўзлаштирадиган одамга ҳам сотар эдим деб зорланди... Унга тасалли бериб, ўзингиз бир амаллаб, жорий этадиган кондицияга етказинг, мен ҳам кейин истеъмолчи топишга ёрдам бераман деб тинчлантирдим. У бир амаллаб, қарз олсам ҳам намойиш вариантини тайёрлаб битказаман деганича қолди... Назаримда, бизда йўл қўйилаётган камчилик, ҳали-ҳамон ихтироларни тез жорий этилишига инновацион ёндошув етишмаяпти, у кўп мутассади ташкилотларга мурожаат қилган, лекин биронтасидан амалий ёрдам, ижобий жавоб олаолмаган.

Шу ўринда бизнинг партияда ишлаган давримда тузган “Истеъдод” клубимиз ўтказган кўрикда биогаз қурилмасининг схемаси билан қатнашган, уни бизнинг шароитда қуриш иштиёқи борлигини билдирган ёш тадбиркорни қўллаб-қувватлашимиз, грант олишига ва қурилмани ясашига яқиндан ёрдамимиз натижасида, илк бор биогаз қурилмасини қуриб ишга туширганини ва мана ҳозир оммавий инновацион лойиҳа сифатида республикамизда жорий этилаётганини эслатиб ўтмоқчиман.  

Шу ўринда, бош мақсади ўз аъзоларининг тадбиркорлик фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, гувоҳлик ва мулкий манфаатларини ҳимоялаш, мутахассисларни биоёқилғи, биоэнергетика соҳасида илмий-техника тарақиётига ва у билан боғлиқ ишлаб чиқариш жараёнларида ижодий бирлашишларига кўмаклашадиган, нодавлат Ўзбекистон биоэнергетиклар Ассоциациясини тузиш таклифини ва унинг Уставини тайёрлаб, Энергетика вазирлигини Энергия самарадорлик департаментида ўрганиб чиқишлари ва қўллаб-қувватлашларини сўраб юбордим.

Бунга хориж мамлакатларининг биоэнергетиканинг афзалликлари, биологик келажаги билан таъсир этувчи кўплаган маълумотлари билан танишиб,  ушбуни қайта тикланувчи энергия манбаси сифатида ривожланиб кетиши мумкин бўлган даражада алоҳида рағбатлантирилиши жуда эътиборга молик деб ҳисобладим.  

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги учун фойдаланиладиган ер мамлакат ҳудудининг 45 фоизини эгаллайди, аҳолининг қарийб 50 фоизи қишлоқ жойларда яшайди. Ўзбекистонда 2019 йил 1 июль ҳолатига 11,0 мингдан ортиқ катта, ўрта ва кичик қишлоқ аҳоли пунктлари бўлиб, унда 16,58 миллион (49,5 фоиз) кишини яшайди. Бундай катта сонли истеъмолчиларнинг тарқоқ ҳолда жойлашиши, ишончли энергия манбаси билан таъминланишида муаммо мавжуд. Шу сабабли, олис қишлоқлар аҳолиси учун мумкин бўлган ёқилғи, ўтин бўлиб қолмоқда.

Айрим катта қишлоқларда ва поселкаларда овқат пишириш учун анъанавий (тандирда ёки қозонда), кўп ҳолларда ёғоч ўтинлар ёки мол гўнгларидан таппи ёпиб, ўтин қилиб, ишлатишади. Тоғли туман аҳолиси баҳорги ва ёзги тошқинларда қияликлардан ювилиб, қулаган, дарёлар оқизиб келган дарахтларни ўтинларни тўплаб, ундан ўтин сифатида фойдаланадилар. Текисликда жойлашган туманларда пахта ҳосили териб олингандан сўнг, унинг ғўзапояси маҳаллий аҳоли томонидан кенг фойдаланилади. Етарлича марказлашган ҳолда ҳар хил ёқилғилар (кўмир, газ ёки бошқа) билан етарлича таъминланмаслик натижасида, айниқса, чўл ҳудудларида яшовчилар, атрофидаги жойлардан ўтин тайёрлашга мажбур бўладилар. Бунда катта ҳажмдаги нафақат, ўтин ва чўл ўсимликлари (саксовул, кандим) буталарни тўплайдилар, ҳатто ярим, чала буталар (шувоқ, ёвшан)ларни ҳам қириб ташлайдилар. Ўтин бўладиган ўсимликларни катта ҳажмда қирқиб ўтин қилиш, Ўзбекистоннинг иссиқ ва қуруқ иқлимида жойлар учун ниҳоятда жиддий чўлланиш муаммосини келтириб чиқаради.

Биомассанинг ўзига хос хусусияти шундаки, нефть, табиий газ ва кўмирдан фарқи, у доимо қайта тикланувчи энергия манбасини ифода этади. Биомассалар манбаи бўлиб, қаттиқ маиший, саноат чиқиндилари, шаҳар канализация (оқова сувлари), чорва чиқиндилари, ўсимлик қолдиқлари, ўрмон маҳсулотлари, хусусан, ўрмонда ёғоч материал тайёрлаш ва транспортда ташишдаги чиқиндилар, ишлаб чиқаришда ёғоч материал, ёғоч массалари, қоғозлар ва бошқаларни ўз ичига олади.

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, Республика ҳудудларида ҳар йили, 100 млн. тонна саноат ва 30 млн. м3 маиший чиқиндилар ишлаб чиқарилади. Унинг морфологик таркиби ўрганилганда, чиқиндилар таркибида 5-10% қоғоз, ёғоч чиқиндилари; 20-45% - озиқ-овқат; 3% -металл; 5-10% тўқимачилик чиқиндилари, тери, резина;, 2% - шиша, шунингдек, пластмасса маҳсулотлари чиқиндилари ташлаб, кўмиб юборилади.

Чорвачиликнинг бўрдоқичилик хўжаликларида, ёпиқ биноларда боқилаётган йирик шохли моллардан кўп чиқинди тўпланади, ундан кўп энергия олиш мумкинлиги билан эътиборга лойиқ. Ушбу биомассадан тўғридан-тўғри ёқиш, термик парчалантириб, шлакка айлантириб, шиддатли жараёнда поғонама-пағона буғлатиш йўли билан, ёқилғини газлаштириш, анаэроб ферментлаш ва бошқа усулларда энергия олиш мумкин.

Чорвачилик чиқиндисидан – анаэроб ферментлаш усулида энергия олиш кўпроқ самарали усул ҳисобланади.

Республикада саноатни жадаллашиши ва аҳолининг ўсиши, амалдаги энергия истеъмоли, натижасида иқтисодиётда энергетика ресурсларига талаб маълум даражада ўсганлиги ва иқтисодиёт секторини энергетикага боғлиқлиги кучайиши кутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги энергия истеъмол заҳираси ҳажмида, энергия ресурсларининг етишмовчилиги 65,4% гача ошади.

Инновацион ривожланиш стратегиясига мувофиқ, 2025 йилга келиб, қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиб, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳиссасини 20 фоиздан кўпроқ ошиши кўзда тутилмоқда. Узоқ муддатга 2030 йилгача мўлжалланган истиқболда 120 млрд. кВт.с. электр энергия ишлаб чиқариш масаласи қўйилган ва бу асосий йўналишни амалга ошириш, муқобил ва қайта тикланувчи энергетик ресурсларни ўзлаштириш ҳисобланади.

Биомасса кўпроқ тарқалган қайта тикланувчи энергиялардан бири ҳисобланади. Атроф-муҳитни ифлосланишини камайтириш, шунингдек, қайта тикланувчи энергия биогаз олиш учун биологик хом ашёни қайта ишлаш технологияси кенг қўлланила бошланиб, органик чиқиндиларни экологик хавфсиз утилизация муаммоси ҳал этилмоқда.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, республика аҳолиси ҳаёт таъминотининг ижтимоий-иқтисодий асоси ҳисобланади. Республикада 10 минг атрофида чорвачилик фермер хўжаликлари (йирик шохли моллар, қўйчилик, чўчқачилик ва паррандачилик), шунингдек, 5 млн. атрофида фуқароларнинг шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида чорва ва паррандаларни етиштириши рўйхатдан ўтказилган. Ҳозирги пайтда республикада йирик шохли молларнинг умумий сони - 13,2 млн. бош, қўй ва эчкилар - 21,9 млн. бош, паррандалар -93,1 млн. бошга етган.

Чорвачилик сектори, маълум ҳажмда органик чиқинди ишлаб чиқариб, биогаз ишлаб чиқариш учун 8,9 млрд. м3  ресурслар имкониятига эга бўлиб, йилига 6,4 млрд. м3 табиий газ ўрнини (назарий техник имконият) босиш (тежаш) қобилиятига эга. Агар, фақат чорвачилик чиқиндиларини ўзидан олинган барча биомасса, биогаз қурилмаларида қайта ишланса, бу йилига 25,8 млрд. кВт/с. дан кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради,  шу билан бирга, 51,9 млн. тонна биологик ўғит олиш мумкин.

Рисолада энергия ресурси ишлаб чиқариш учун био хом ашё етиштириш жараёнидан фойдаланиш асосида, иқтисодиётни мустаҳкамлаш йўналиши кўриб чиқилди. Турли биоёқилғи (биоэтанол, рапс мойи, метил эфирлари, ўсимлик мойлари, биогаз ёки биометан)лардан фойдаланиш нуқтаи назаридан, майдон бирлиги ҳисобида, кўпроқ келажаги бор (перспективный) биогаз ва у ҳосил қилган - биометан ҳисобланади. Газ шаклидаги биоёқилғини ишлаб чиқариш, қазиб олинадиган қайта тикланмайдиган энергия ресурсининг ўрнини эгаллаши ва аграр тузилма маҳсулотини таннархини камайтириши мумкин.

Биогаз мажмуаларида (комплекс) чорвачилик чиқиндилари билан бирга ўсимлик хом ашёларидан ҳам фойдаланилади.

Биогаз (таркибида 55-75% метан, 25-45% карбонат ангидрид CO2) биомассаларнинг (80-90% намликда) метанли бижғишдан олинади.

Биогазнинг иссиқлик бериш қобилияти 5 дан то 7 Мкал/м3 гачани ташкил этади ва унинг таркибидаги метан концентрациясини аниқлайди. Метан миқдори, ўз навбатида, хом ашёнинг биофизикавий, биокимёвий хоссаларига ва айрим ҳолларда қўлланиладиган технологияларга боғлиқ. 1 тонна мутлақо қуруқ моддадан, йирик шохли қорамоллар гўнгидан - 250-350 м3 биогаз ажралиб чиқади, паррандалар ахлатларидан - 400 м3, ҳар хил ўсимликлардан - 300-600 м3, спирт ва ацетонбутил заводлари чиқиндиларидан - 600 м3 ташкил қилади. Масалан, 1 тонна йирик шохли моллар чиқиндисини (85% намликдаги) қайта ишлашдан 40 м3 гача биогаз, таркибидаги метан - 55-60% ёки (22-24 МДж/нм3) ва 40-45% СО2, шунингдек органик ўғит олиш мумкин.

Биогаз ишлаб чиқаришда шунингдек, чиқинди майдонлари, ахлатхона (свалка)даги чиқиндидан ҳам биогаз ишлаб чиқариш мумкин. Ҳозирги вақтда кўп мамлакатларда, биогаз олиш мақсадида, чиқиндиларни сақлаш учун махсус қаттиқ маиший чиқиндихоналар (ТБО) қурилиб, унда электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилмоқда.

Кенг кўламдаги биоэнергетик саноатни ташкил этилишини зарурияти, исталган мамлакатда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам қуйидаги асосий таркибни: биоёқилғи ишлаб чиқариш саноат технологиялари асосида ва техник турларда унинг энергиясини ўзгаришини амалда синаб кўриш (конверсия), хом ашё базасининг кўламини аниқлаш, юқори рентабелли ишлаб чиқариш қувватини ташкил этиш ва ишончли қурилмалар ҳамда унга ички бозордаги талабни ўрганишдан иборат.

Биомассани биоэнергетикада кўпроқ самарали фойдаланиш технологияси бу тўғридан-тўғри ёндириш, куйдириш; пиролиз; газлаштириш; анаэроб ферментлаб, метан ҳосил қилиш; спирт ва мотор ёқилғиси олиш ва мой ишлаб чиқариш ҳисобланади.

Биомассадан фойдаланиш технологиялари, энергия олишни истеъмолчига қулай шаклда таъминлаб, самарадорлиги максимал имкон даражасида доимо мукаммаллашиб бормоқда.

Умумий ҳолатда органик чиқиндилардан энергия ё физик, ё, кимёвий ёки микробиологик усулда олинади: физик усулда энергия органик чиқиндини ёқиш йўли билан; кимёвий усулнинг асосини пролиз ва газлаштириш жараёнидан фойдаланиш ҳисобланади; микробиологик усул дунёда кенг тарқалган чиқиндисиз ишлаб чиқариш - анаэроб бижғитиб, биогаз олиш ҳисобланади. Биогаз ишлаб чиқаришнинг ниҳоятда қимматли маҳсулоти, юқори сифатли органик ўғит олиш ҳисобланади.

Технологик жараёнда биомассанинг махсус реактор-метантенкда кислородсиз анаэроб бижғиши ўтказилади, шунда тўлиқ (максимал) метан ажралиб чиқиши таъминланади.

Биогазни қўллаб, иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш мумкин, бу айниқса, фермер хўжаликлари учун жозибадор. Қишлоқ ҳудудларида биогаз технологияларини кенг оммалаштириш орқали, маълум даражада органик ёқилғиларни тежашга эришиш мумкин.

Биогаз технологиясининг инновационлиги. Ушбу технология фанга яхши маълум бўлиб, кўплаб мамлакатларда қўлланилади. Бироқ Ўзбекистонда бугунги кунда биогаз технологияси кенг тарқалмаган. Бунинг асосий сабаби, фермерлар, деҳқон хўжаликларининг бу технологияга ишончининг йўқлигида, бу борада маълумотларнинг камлиги ҳамда биогаз қурилмаларини ўрнатиш бўйича хизмат кўрсатишнинг ривожланмаганлиги. Биогаз қурилмаларидан фойдаланиш чоғида экологик соф энергия, қайта тикланувчи энергия манбаси эканлигини намойиш қилишини тушуниб етмаган. Бу билан фермер, деҳқон хўжаликларининг ҳудуди ҳамда ишлаб чиқариш жойлари тозаланиши, даласига қайта ишланган соф экологик биоўғит ишлаб чиқариб, ҳосилдорликни ошириши мумкинлигини яхши тушуниб етмаяпти.

Маълумки, биогаз технологияларини муваффақиятли татбиқ этиш, муқобил энергия манбаидан фойдаланиш учун туртки бўлади. Бу эса атмосферага зарарли буғ газларини чиқаришни камайтиради, иқлим ўзгариши билан курашишга ёрдам беради.

Шуни таъкидлаш мумкин, биоэнергетика Ўзбекистон учун ҳозирги пайтда энг истиқболли ҚТЭМ туридан ҳисобланади. AEnergy компанияси таҳлил (аналитик) юритувчи тадқиқотчилари фараз қилишларича, ҚТЭМ доирасида (сигмент), айнан биогазли энергетика, бошқаларидан кўра, рақобатбардош ҳисобланади. Бунда, уларнинг фикрича, чиқиндиларни утилизация қилиш мажмуаси (комплекси) тарзида ҳал этиш керак. Сўз шу ҳақидаки, Ўзбекистонда биоэнергетика имкониятлари энг катта миқдорда чиқиндиларни утилизация қилиниши керак бўлган – аграр-саноат, озиқ-овқат саноати, шунингдек, маиший чиқиндилар етарлича мавжуд. Ўзбекистон Экология Давлат Қўмитаси “Эко энергия” илмий-тадқиқиот маркази экспертлари биомассани умумий техник имкониятлари ҳажмини 3,500 МВт/с. деб баҳолаган. Дастлабки, бош хом ашё бўлиб, йилига пахта пояси (ғўзапоя) - 2-3 млн. т т/г, қаттиқ маиший чиқиндилар - 30 млн. м3, қамиш 10-15 млн. т т/г ва қишлоқ хўжалиги чиқиндилари - 100 млн. т.

Олдиндан ҳисоб-китобларга кўра, биомассалар ресурсларининг мавжуд имкониятлари республика бўйича 10 фоиз атрофида бўлиб, энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжни 8,9 млрд. м3 қондириши мумкин.

Ушбу рисоланинг мақсади ва вазифаси муқобил энергия манбаларидан фойдаланиб, электр энергия ишлаб чиқаришни ошириш, энергия ишлаб чиқаришда табиий ресурсларни омилкорлик билан ишлатиш ҳисобланади. Экологик асосий муаммоларни: соф энергия билан таъминлаш; органик ўғит олиш; кимёвий ўғитларни ҳосилдор элементлар билан тўйинтириш; аҳолини турмуш даражасини яхшилаш; маиший ва иш жойларида санитар-гигеник шароитларни яхшилаш; органик ўғитлар утилизациясини ҳал этишга таклиф, тавсиялар беришдан иборат

Энг муҳими қуйидагиларни таъкидлаш керак: Ўзбекистон энергетикасини аъананвийдан, қайта тиклануви энергетикага, хусусан биоэнергетика тўлиқ ўтиш мумкин эмас. Ушбу энергетика шакли катта миқдордаги истеъмолчиларни, фуқаролик сектори, шунингдек, саноатни таъминлай олмайди. Қайта тикланувчи энергетика агар бошқа шаклдаги билан бирга фойдалнилса, “яшил энергетика”да самарали иш бўлади.  Ўзбекистон энергетикасида самарали иш қайта тикланувчи энергетика  мустаҳкам ривожлангунига қадар, анънавий энергетика билан ҳамкорликда иш олиб борилса кўпроқ самара беради.

Республикамизнинг аграр секторида биомассадан фойдаланиш, айниқса, биогаз ишлаб чиқариш технологияси йўналиши келажак ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги кластерида биогаз ишлаб чиқариш учун: чорва гўнги, хўжалик чиқиндилари, қуруқ ўсимлик чиқиндилари ва бошқалар хом ашё сифатида бўлиши мумкин.

Биогаз қурилмасидан биогазни чиқиш миқдори хом ашё турига қараб фарқланади. Муқобил энергетикадан фойдаланишда максимал самарадорликга, корхона ва агрофирмалар кучларини бирлаштирганида эришишлари мумкин. Бундай йўналишда ишлашни кластерлаштириш деб аталади ёки ҳудудий-ишлаб чиқариш мажмуа (комплекси)ларини, биогаз қурилмаларида қайта ишлаш ва маҳсулотдан фойдаланиш занжирларига бирлаштириш, бу Агросаноат корхоналари учун мақбул (оптималь) ечим ҳисобланади.

Биогаз қурилмасидан фойдаланиш жараёнида кластернинг маҳсулоти чорвачилик, деҳқончилик, балиқ маҳсулотлари, мотор ёқилғиси, минерал ўғит, иссиқлик ва электр энергияси ҳисобланиб, булар тўлиқ корхона шахсий эҳтиёжларини қондириши мумкин.

Замонавий технологиялар биогазни қайта ишлаб, исталган органик хом ашёга айлантиришга қодир, лекин, биогаз технологияларида чорвачилик ва паррандачилик чиқиндиларини қайта ишлашда, кўпроқ самарали фойдаланиш чиқиндиларнинг ҳамма вақт ҳам унинг оқими ва уни тўплашнинг соддалиги билан ифода этилади.

Биогаз қурилмаларида қайта ишланган органик чиқиндилар биомассага айланади, унинг таркибида маълум даражада озиқлантирувчи моддалар мавжуд бўлиб, у биоўғит сифатида ва озуқа қўшимчаси сифатида фойдаланилиши мумкин.

Бижғиш натижасида ҳосил бўлган гумус материаллари, тупроқнинг физик хусусиятини яхшилайди, минерал моддалар эса, энергия манбаи сифатида ва тупроқдаги микроорганизмларнинг фаолияти учун хизмат қилади, бу ўсимликларнинг озиқланишини оширишга таъсир кўрсатади.

Халқаро амалиётда, биоўғитлар чорвачилик учун озуқа самарадорлигини ошириш учун фаол қўшимча сифатида фойдаланилади. Маҳсулотни анаэроб жараёнда қайта ишланганида биоўғит барча хилдаги патоген микрофлоралардан зарарсизланади, ундан ташқари, қайта ишланган биомасса, янги, ижобий нуқтаи назардан озуқа ишлаб чиқариш хусусиятини, яъни унда оқсил моддалар концентрацияси ортади, В12 ва бошқа фойдали витаминлар билан тўйинади.

Шундай қилиб, биогаз технологияларидан фойдаланиш, органик деҳқончилик концепциясини амалга оширишга имкон яратади, минерал ўғитлар ва гербидцидларни қўллашга йўл қўймайди, органиканинг табиий айланишини таъминлайди. Натижада, қишлоқ хўжалиги кластеридаги якуний маҳсулотнинг таннархи 15-20% камаяди, унинг маҳсулотлари баҳоси 10-15% ошади.

Қишлоқ хўжалигида биогаз кластеридан фойдаланиш қатор, яъни энергетик, иқтисодий, экологик, экологик-иқтисодий, ижтимоий афзалликларни яратади. Шунга қарамай, мавжуд органик чиқиндиларни қишлоқ хўжалигида ҳосил бўлишини ва фойдаланишини ҳисобга олиб, республиканинг аграр сектори, хом ашё базаси бўлсада, энергия истеъмолчисидан, унинг ишлаб чиқарувчисига айланиши керак.

 Шундай қилиб, Ўзбекистон дунё етакчиларидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишда орқада қолмаслиги учун заҳираси чексиз ва ҳамма жойда оммалашган биомассадан технологик энергия чиқариб олишга  диққат-эътиборни қаратиши керак.

Камалжан Шадиметов,

и.ф.н. Халқаро Экология, инсон ва табиат хавфсизлиги

фанлари Академияси ҳақиқий аъзоси, академик,

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+