Янгиликлар 1848
“Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси – Жомбойда
Аввал хабар берганимиздек, Жомбой туман тиббиёт бирлашмасига бош шифокор лавозимида иш бошлаган халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатимиз Тозагул Холиқова туманда партия ташкилоти ҳамкорлигида бир қатор амалий ишларни йўлга қўймоқда.
Хусусан, партиямизнинг “Бир адолатчи - юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида тумандаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар”да рўйхатга киритилган хотин-қизлар орасидан тиббий ёрдамга муҳтожлари белгилаб олинди. Ушбу хотин-қизлар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларга саломатлигини асраш, соғлом турмуш тарзи ҳақида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди.
Навбатдаги шундай ўрганиш жараёнига партия туман Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти ташаббуси билан туман ҳокими Қ.Собиров ҳамда сектор раҳбарлари ҳам таклиф этилди. “Сарой”, “Деҳқонобод”, “Қўнғирот”, “Қанғли” маҳалларидаги хотин-қизлар ҳолидан хабар олинди.
Ўрганиш билан бир қаторда фуқароларнинг мурожаати тингланиб, амалий ёрдам кўрсатилаётгани эса фаолиятимизнинг натижадорлигини оширмоқда. Биринчи гуруҳ ногирони 15 ёшли Г.Ҳасанова ҳам тиббий текширувлардан ўтказилиб, зарур бўлган нервопотолог хизматни олганидан оила аъзолари хурсанд. Иккинчи гуруҳ ногирони Барчиной Мардонова эса мурожаати дарров ечим топганидан мамнун.
-“Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларимизнинг бандлигини таъминлашда кўпгина амалий ишлар қилинди. Уларга тикувчилик машиналари, пишириқ печлари берилди. Албатта, биз бу билан чекланиб қолмаймиз, уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун ўқув семинарлар ташкил этилмоқда. - дейди туман ҳокими Қаюм Собиров. – Шу билан биргаликда ушбу дафтарларда рўйхатда турувчи ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг соғлиғини яхшилаш учун амалий ишлар олиб боряпмиз. Бунда вилоят ва туман кенгаши депутатлари ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Депутатлик гуруҳи томонидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Дилмурод МАҲРАМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой туман Кенгашидаги “Ёшлар қаноти” раиси
Фикрингизни қолдиринг