Бир кунлик адолат – юз кунлик тоат-ибодатдан афзал

11.04.2022 09:04:30

“Адолат” СДП Когон туман Кенгаши ҳамда тумандаги “Тараққиёт” МФЙ Ахборот ресурс маркази ҳамкорлигида соҳибқирон бобокалонимиз, қонуншунос, буюк давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан “Амир Темур адолат ва ҳақиқат элчиси” мавзусида туманда жойлашган 16-умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирокида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад адолатпарвар сиёсатчи, буюк шахс Амир Темур ҳаёти ва ижодий фаолиятини ёшлар онгига чуқур сингдириш баробарида уларнинг маънавий дунёқарашини, онг-тафаккурини юксалтиришдан иборат.

Тадбирда сўзга чиққан партия туман Кенгаши раиси М.Ҳамроева Амир Темурнинг ҳаёти, ижодий фаолияти ва адолатпарвар сиёсати ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумотлар берди. Буюк аждодимиз, адолат ва ҳақиқат элчиси Амир Темурнинг ҳаёти ва ижоди бугун бизларга қолаверса, сиз азиз ёшларга маънавий мезон вазифасини ўтайди. Соҳибқироннинг “Бир кунлик адолат – юз кунлик тоат-ибодатдан афзал!” деган сермазмун панд-насиҳати бизларни адолатпарварликка чорлаб турувчи оҳанги билан ўзига ром этади.  Унинг шахси ҳамда “Темур тузуклари” асари нафақат юртимизда балки дунё ҳамжамиятида ҳам катта қизиқишга сазовор.

Тадбир давомида ўқувчилар томонидан Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб тайёрланган қизиқарли саҳна кўринишлар, ижодий чиқишлар йиғилганлар қалбидан жой олди.

Мактуба Ҳамроева,

“Адолат” СДП Когон туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+