Бир оғиз ширин сўз умид чироғини ёқар

18.05.2021 23:05:09

Жорий йил 14 май куни Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтда жойлашган Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюрди ва у ердаги беморлар ҳамда шифокорлар билан суҳбатлашди.

Муборак Рамазон ҳайити муносабати билан Президентимиз у ерда даволанаётган бемор болалар ҳолидан хабар олди. Ота-оналар ва болаларни Рамазон ҳайити билан табриклаб, уларга далда берди. Болаларга меҳрибонлиги ва фидойилиги учун шифокорларга миннатдорлик билдирди.

Давлат раҳбарининг ташрифи нафақат бемор болажонлар, балки уларнинг  ота-оналарига  ҳам далда бўлди.  Марказда даво муолажаларини олаётган мурғаккина болажонларни, уларнинг ота-оналарини кузатиб, чексиз меҳр-мурувват, эътибор ва ғамхўрликдан хаста кўнгилларида тоғдек илинж пайдо бўлганини, қувончдан чеҳралари ёришганини ҳис қиласиз киши.

Президентимиз бемор болажонлар ва ота-оналар билан суҳбатлашар экан, Энг муҳими – энди бундай касалликларни даволаш бўйича алоҳида шуғулланишини ва шахсан Президентнинг назоратида бўлишини таъкидлади.

Шу ерда онкология тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида касалликларни эрта аниқлаш мақсадида мобил бригадалар тузиб, хавф гуруҳига кирувчи аҳоли учун профилактик кўриклар ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун ҳар бир ҳудудга мобиль маммографлар ва позитрон-эмиссион томографлар етказиб берилиши белгиланди. Саратон касалликларини эрта аниқлайдиган лабораториялар ташкил этилиб, махсус онкомаркерлар текширувлари йўлга қўйилиши таъкидланди. Яна бир муҳим масалалардан бири эса даволаш сифатини ошириш ва шу мақсадда жойлардаги онкология ва гематология шифохоналарини таъмирлаб, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, малакали мутахассисларни жалб қилиш вазифаси белгиланди. Касаллик оқибатида оёқ-қўли ампутация бўлган беморларни протез маҳсулотлари билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

“-Илик кўчириш учун беморлар хорижга боришяпти, 100 минглаб доллар сарфлашяпти. Ахир бунча пулни топиш осон эмас-ку. Энди бундай харажатларнинг 50 фоизи давлат томонидан қопланади, ҳар бир вилоят ўзининг беморларини ўрганиб, рўйхат тузиб беради. Келажакда янги марказимизда илик кўчириш бўйича махсус бўлим ташкил қиламиз ва унга хорижлик шифокорларни таклиф қиламиз”, – деди Президент.

Давлат раҳбари томонидан  видеоселекторда вилоятларда ҳам мазкур тизимга алоҳида эътибор бериш, қўшимча шифохоналар қуриш юзасидан топшириқлар берилди. Шунингдек, уларнинг таълими масаласида ҳам чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Республикамизнинг бошқа ҳудулари қаторида Сурхондарё вилоятида ҳам Республика Ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Термиз филиали мавжуд бўлиб, мазкур марказ 100 ўринга мўлжалланган бўлиб, аҳолига гематологик ва трансфузиологик ёрдам кўрсатиш, шундай касалликларнинг олдини олиш ва даволашга ихтисослашган. Бу ерда беморларга стационар, амбулатор тартибда хизмат кўрсатилади. Муассаса замонавий нур терапияси ускуналари билан жиҳозланган. Эндиликда мазкур шифохона учун яна 150 ўринли янги бино барпо этиш, бу ерда болалар онкологияси, болалар ва катталар учун онкогематлогия бўлимларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Президентимиз шифохоналар қуриш билан бирга соҳа мутахассисларини ҳам етиштириб бериш кун тартибидаги масалалардан бири эканлигини таъкидлади. Ушбу йўналишда ҳам ижобий ва самарали ишлар амалга оширилишини айтиб ўтди.

-“Энг катта хато вақтида илм даргоҳларига эътибор берилмагани бўлган. Биз бинони қуришимиз мумкин, лекин малакали мутахассислар бўлмаса, бефойда. Энди илмга эътибор, соҳа вакиллари фаолиятига субсидиялар берамиз. Мана, Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида турли соҳа вакиллари мукофотларга тавсия қилинади. Онкогематология вакилларини мукофотлашда кўпроқ квота ажратсак адолатдан бўлади”-деди Президент.

Мухтасар айтганда, давлат раҳбарининг ташрифи  бемор болажонлару ота-оналарга далда бўлибгина қолмай, мамлакатимиз бўйлаб мазкур тизим фаолиятини замон талаблари даражасида такомиллаштиришда муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятлидир.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+