Янгиликлар 2805
Навбатдаги синовни енгишда сардобаликларнинг сабри етарли
1 май куни эрталаб сардобаликлар ғалати шовқинни эшитиб ўйғондилар. Бу Сирдарё вилояти Сардоба туманида жойлашган сув омбори дамбасининг девори ўпирилиши натижасида маҳалла томон шиддат билан кириб келаётган сув тошқини овози эди. “Қўрғонтепа” маҳалласини тўлиқ сув босди.
Сардобанинг “Дўстлик”, “Юртдош” маҳаллалари, Мирзаобод тумани “Навбаҳор”, “Баҳористон” ва “Ҳақиқат” маҳаллалар ҳудудига қисман сув кирди. Вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида сув балосидан талофат кўрган аҳоли тўлиқ эвакуация қилинди. Ундан ташқари, Оқолтин тумани аҳолиси ҳам Жиззах вилоятига эвакуация қилинди. 12 мингга яқин инсонларнинг эвакуацияси Жиззах шаҳри ва Жиззах вилояти туманларига, Гулистон ва Янгиер шаҳарларига, Ховос ва Боёвут туманларига ташкиллаштирилди. Эвакуация қилинганлар вақтинча ётоқ жойи, озиқ-овқат маҳсулотлари, антисептик воситалари билан таъминланди. Аҳоли вақтинча жойлашган жойларда шифокорлар, ошпазлар ва кўнгиллилар хизмат қилмоқда.
Мамлакатимиз Президенти Сардоба туманига келиб, шахсан ўзлари барча тадбирларга бош-қош бўлмоқдалар. Ҳамма куч ва воситалар табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун сафарбар қилинган. Давлатимиз раҳбарининг “Шароит яхшиланмагунча бирорта раҳбар мен бош хеч қаёққа жилмайди” деб айтган сўзлари барча сардобаликларга ишонч ва куч бағишлади. Республика ва вилоят раҳбарларининг барчаси Сардоба туманида. Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Сув хўжалиги вазирликлари ходимлари ўз вазифаларини бажармоқдалар.
Ҳамма режалаштирилган ишлар ўз натижасини берди. Дамбадаги ёриқни ёпиш ва сув оқимини жиловлашга эришилди. Вазият тўлиқ назоратга олинди. Ҳеч ким офат билан ёлғиз қолмаслигини сезди. Энди фақат саросимага тушмаслигимиз лозим. Сабр билан юзага келган қийинчиликларни бирга енгамиз. Ваҳима қилмай, давлатимиз раҳбари далдасига таяниб, жипслашайлик! Бутун Ўзбекистон халқи бугун бизга тезроқ бу балодан қутулишимизни Аллоҳдан сўрамоқда. Республикамизнинг барча вилоятлардан ёрдам келмоқда. Биз биргамиз ва албатта барча қийинчиликларни биргаликда енгамиз!
Нодира ДЖАНИБЕКОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг