Биз – “Адолатчилар”нинг ғояларимиз ҳам жадид аждодларимизнинг эзгу мақсадлари билан ҳамоҳангдир

21.05.2024 20:05:46

(«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг “Туркистон маърифатпарвар зиёлилар меросининг фан, адабиёт, маданият ҳамда маънавият тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференциясидаги нутқи)

Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар!
Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Сўзимнинг аввалида “Туркистон маърифатпарвар зиёлилар меросининг фан, адабиёт, маданият ҳамда маънавият тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференциясида сизлар билан мулоқот қилиб турганимдан бағоят мамнунлигимни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Бугунги илмий-амалий анжуманимиз учун танланган мавзудан ҳам кўриниб турибдики, ўтган аср аввалида шаклланиб, нафақат ўзбек халқи, балки барча туркий миллатларга зиё нурини таратган жадид бобо-момоларимизнинг миллатимиз тарихи, илм-фани, адабиёти, маданияти ва маънавияти ривожидаги ўрни беқиёсдир. Қолаверса, ўз замонасининг зиё машъали бўлган жадид миллатдошларимизнинг нафақат ўтмишда, балки бугунги тараққиётимизда тутган ўрни ҳам бебаҳо. Чунки, улар бизга мерос қолдирган илмий, адабий-бадиий ҳамда маданий ва маърифий мероси бугунги тараққиёт йўлимизда ҳам дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда десам, адашмаган бўламан.

Жумладан, биз – “Адолатчилар”нинг ғояларимиз ҳам жадид аждодларимизнинг эзгу мақсадлари билан ҳамоҳангдир. Ёшларни ватанпарварлик руҳида камол топтириш, сифатли таълим олишини таъминлаш, шунингдек, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаб, Она Ўзбекистонимизни жаҳоннинг тараққий этган мамлакатлари сафидан ўрин олишига хизмат қилиш партиямизнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

Миллат фидойилари – жадид бобо-момоларимизнинг яшаб ўтган умри, уларнинг Она Ватан озодлигига, миллат тараққиётига бахшида ҳаёти нафақат бугунги ёшларга, балки ҳар биримизга ибрат мактаби вазифасини ўтайди. Бугунги тинчлик ва адолат ҳукмрон, имкониятлар бисёр дориломон юртимизда жадид аждодларимиз каби Ватанни севиб, Ватанни ардоқлаб, унинг эртаси учун қайғурадиган авлодни тарбиялаш долзарб масала саналади.

Шу ўринда қайд этиб ўтиш лозимки, ушбу анжуман муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва уларнинг хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ҳаётга татбиқ этилаётганининг ёрқин ифодаси ҳамдир.

Жадидларимизнинг ҳаёт йўли, жасорати ва фидойилиги бугунги осойишта кунларга осонлик билан эришилмаганидан далолат бериб, мустақиллигимизни ва жонажон Ватанимизни янада ардоқлашга даъват этиб туради. Шуни ҳам айтиш керакки, маърифатпарварларимиз аёлларимизнинг таълим олиши Ватан фарзандларини билимли бўлиб, униб-ўсишлари йўлида ўта муҳим эканлигини ўз вақтида яхши англаб, теран ҳис этганлар. Бу борада сўз борганда, Янги Ўзбекистонда аёл-қизларимизнинг илмли, маърифатли бўлиши йўлида муҳим ташаббусларни илгари сураётган партиямиз маърифатпарвар зиёли аёлларимиз меросининг фан, адабиёт, маданият ҳамда маънавият тараққиётидаги ўрнига ҳам алоҳида эътибор қаратаётганлигини айтиб ўтмоқчиман. Зеро, миллатнинг илмли, юксак салоҳиятли фарзандларини зукко оналар тарбиялайди. Шу боисдан тарихга назар ташларканмиз, суронли йилларда янги ҳаёт қуриш истагида катта йўлга отланган жадид бобо-момоларимиз сафида кўплаб маърифатпарвар хотин-қизларимизнинг борлигини кўриб, уларнинг юксак жасоратларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг ғоят қисқа, аммо, ибратли ва шарафли қисмати биз учун ўлмас сабоқдир!

Жадидларимизнинг бугунги ютуқларимиз ва тараққиётимиздаги ўрни ҳақида ҳар қанча гапирсак оз. Шундай экан, бу каби конференциялар кўпроқ ўтказилиши ва жадидларимиз ижоди ва фаолияти кенг тарғиб қилинишини фақат ва фақат қўллаб-қувватлаш керак, деб ҳисоблайман. Бугун менга берилган фурсатдан фойдаланиб, анжуман иштирокчиларига омад ва зафарлар ёр бўлишини чин кўнгилдан тилаб қоламан.

Эътиборингиз учун ташаккур!

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+