Янгиликлар 1180
Биз бўлинмас бир халқмиз
1 ва 2 июль кунлари Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий барқарорликни издан чиқариш мақсадида Нукус шаҳрида содир этилган қонли тўқнашувлар ҳақидаги мудҳиш хабар кўп миллатли ўзбек халқининг юрагига тиғдек ботди. Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшайди. Ўзбекистон умумий уйимиз. Фараз қилайлик, ўз оиламизда бир кишининг боши оғриса, хоҳ қайнота бўлсин, хоҳ келин, хоҳ невара, ҳамма оила аъзолари нотинч бўлади. Бугун айрим ватандошларимизнинг бошига тушган қайғули ташвиш ҳаммамизники, аслида.
Очиқ гап, биз қайси миллат ёки элат вакили бўлмайлик, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикдан қувониб, йил сайин, кун сайин тараққий топаётган ватанимиздан фахрланиб яшаймиз. Шукуроналар айтамиз. Чунки, Ватанимиз тинчлиги биз учун энг олий неъмат эканлигини, тинчлик бўлмаса томоғимиздан бир қултум сув ҳам ўтмаслигини, ҳаловатимиз йўқолишини ҳаммамиз яхши биламиз. Ота-боболаримизнинг дуоларидан унинг қадр-қимматини янада теранроқ англаймиз.
Бу олий неъматни ўғирлашга кўз олайтирувчилар кўпайиб қолганлигини қўшни мамлакатлар мисолида кўриб, ҳар сафар вужудимизни бундай ғаламисларга нисбатан нафрат эгалларди. Нукусда бошланган нотинчликлар минглаб йиллардан буён тарихи бир, илдизи бир, ўзаги бир, турмуши бир, тили-ю дили ва дини бир бўлган юртдош дўстларимизнинг иши эмаслиги ойдек равшан.
Илон пайт пойлаб бошини кўтаргани сингари, Ватанимиздан ташқарида юрган, Она Ватан қадрини билмайдиган, ғурурсиз, маънавиятсиз айрим юртдошларимизнинг қора кучидан фойдаланаётган ғаламислар тинч аҳолига жабр қилиш орқали ўзининг манфур мақсадларини амалга ошириш ниятида бош кўтаргани ҳеч биримизни бефарқ қолдирмади. Миллатимиздан, тилимиздан, ижтимоий келиб чиқишимиздан, диний қарашларимиздан қатьи назар, қондош ва жондош халқ сифатида руҳий осойишталигимиз бузилди.
Биз Ўзбекистон давлатчилик механизмининг куч ва салоҳиятига, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва метиндек иродасига таянган ҳолда шуни ишонч билан айтамизки, оммавий тартибсизликларга чек қўйилади. Иғвогарларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши таъминланади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасига мувофиқ, Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиш, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқиш, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилиш, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилиш каби фаолиятлар таъқиқланади ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувоофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Абдукамол Рахмонов,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг