Янгиликлар 627
Биз гиёҳвандликка қаршимиз!
Биз гиёҳвандликка қаршимиз. Ушбу акс садо 26 июнь Халқаро гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш куни муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларида янграмоқда. Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона вилояти Кенгаши «Ёш адолатчилар» қаноти раиси Алимардон Акрамов ташаббуси билан Фарғоналик ёшлар ўртасида «Биз гиёҳвандликка қаршимиз!» шиори остида ёшлар ўртасида тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Шу жаннатмакон юртда яшар эканмиз, тинч ва осуда юртда эмин- эркин яшаш, таълим олиш ва меҳнат қилиш, оила даврасида бахтиёр яшаш каби гўзал имкониятлардан баҳрамандлигимиз учун ҳам шукр қилишимиз даркор. Бироқ, бахтиёр куннинг қадрига етмаган нодон кимсалар орамизда борки, улар гиёҳвандлик гирдобига инсонларни тортиб, нопок йўл билан бойишга, инсониятни таназзулга бошлаб, ёвузлик орқали бойишга интиладилар.
Статистик маълумотларга кўра дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Уларнинг аксарият қисми 30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этмоқда. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Энг ачинарлиси, гиёҳвандлик оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофондининг бузилишига сабаб бўлмоқда. Жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади. Шу боисдан, гиёҳвандликка қарши қурашни кучайтириш мақсадида БМТ томонидан «Наркотик моддалар тўғрисида», «Психотроп моддалар» ҳамда «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши қураш тўғрисида»ги конвенциялар қабул қилиниб, 1987 йил 7 декабрдаги 47/112-сонли резолюциясига кўра «26 июнь – Халқаро наркотик моддаларини суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни» деб эълон қилинган, — деди ёшлар билан мулоқотда ёшлар етакчиси Алимардон Акрамов.- Огоҳ бўлинг, маҳалладошларимизни, ватандошларимизни, келажак авлодни соғлом муҳитда, эзгу тушунчаларни юракларига жойлаб вояга етказайликки, ҳеч қандай ташқи салбий хуружлар ва қора иллатлар ўпқони уларни ўзига жалб қила олмасин. Ҳар бир инсон ҳаётга бир маротаба келар экан, ўз ҳаётидан рози бўлиб кетиши учун ҳам ёмонликка қарши қўлни қўлга бериб курашайлик!
Гулчеҳра Аҳмедова
«Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг