Янгиликлар 2227
Биз тарқатаётган видео орқали жамоатчиликка ҳурматсизлик қилмаяпмизми?
Даставвал ижтимоий тармоқлар ахборот алмашинуви майдонига айланганида жуда ҳурсанд бўлгандик. Тўғрида, исталган ахборотни исталган вақтда, исталганча олиш мумкин. Тез ва қулай. Лекин ҳозир биргина менда эмас, кўпчиликнинг бу борадаги қарашлари ўзгарган. Айтиш мумкинки, айрим кимсаларнинг қулайликлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши уларнинг турли бачкана қилиқлари акс этган исталган видеоларнинг исталган тарзда узатилишига олиб келяпти.
Яқинда Алишер Навоий ҳайкали билан боғлиқ воқеа кўпчиликнинг эътиборини тортди. Буюк бобомизнинг ҳайкалига ўзининг ҳурматсизларча муносабатини билдирган йигитнинг хатти-ҳаракатлари жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди. Бир неча кун ўтиб эса “қаҳрамон”нинг ўз айби учун узр сўраб мурожат қилгани ҳамда ҳайкалнинг оёқларини кийими билан юваётган видеоси тарқалди. Шу ўринда савол туғилади. Мақсад нима эди? Наҳотки, аждодларимизга ҳурматсизлик яхшиликка олиб келмаслигини тушуниш қийин бўлса?
Ёки мунгли она ҳайкали бағрига ўтириб олган яна бир қаҳрамонни олайлик? Ҳайрон қоларлиси, улар ҳаракатлари оқибатини таҳлил қилиб ўтирмайдиган ўсмир эмас, балки ақлу ҳуши жойида кап-катта кишилардир. Мана шу ақли расо кишиларнинг “Ким бу?” “Танийсанми?” деб бир-бирлари билан сўроқ-савол қилиши эса ўз фарзандларини урушга кузатиб, уларнинг йўлларига илҳақ термулиб ўтирган онахонни эрмаклаётгандек... Қалбингни оғритади....
Ҳар биримизнинг қўлимизда сўнгги русумдаги телефонимиз бор. Унинг имкониятлари етарли. Турли видеолар олиб, ижтимоий тармоқларда тарқата оламиз. Лекин шу ўринда бир жиҳатни унутмаслигимиз керак. Биз тарқатаётган видео орқали жамоатчиликка ҳурматсизлик қилмаяпмизми? Афсуски, шундай катта хатога йўл қўйяпмиз. Билиб туриб шу ишни қиляпмиз. Ҳар иккала видеода ҳам халқимиз миллий қадриятлари, адабиёти, меҳр-оқибати рамзларига, туйғуларига нисбатан ҳурматсизлик бор. Бу эса албатта жамоатчиликда негатив кайфиятни шакллантиради.
Яна бир гап ғазал мулкининг султони Навоий бобомизнинг ҳайкалига беҳурматсизлик қилган йигитга бир жиҳатдан тўғри жазо қўлланилган ва бу ишни бир маротаба эмас, балки зарур бўлса ойлаб бажарса мақсадга мувофиқ бўларди. Шу билан бирга, Алишер Навоий ғазалларининг бир нечтасини ёдлаши ҳам фойдадан ҳоли бўлмасди.
Мунгли она ҳайкалига ҳам ҳурматсизлик қилган йигитлар уни озода сақлашга (маълум муддатга бўлса ҳам ) масъул бўлишлари ҳамда ҳайкалнинг яратилиш тарихини ўрганишлари жазо сифатида белгиланиши лозим.
Шундагина ўз тарихи, қадриятлари, она тимсолига ҳурмат билан қарайдиган бўладилар.
Азамат АБДУРАҲМОНОВ,
Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош мутахассиси,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси
Фикрингизни қолдиринг