Янгиликлар 1182
Биз учтамиз: Табиб, бемор ва дард
Бир зум тин олган коронавирус яна бош кўтариб қолди. Яна ташвишлар, яна кучайтирилган чоралар. Вирус мутацияга учраб, янги турларда бўй кўрсата бошлади. Буниси олдингисидан анча оғир ўтаётгани, даволар кор қилмаётгани айтилмоқда. “Ҳозирги вирус анча агрессив (тажовузкор)” дейишмоқда шифокорлар. Психологлар эса уларнинг фикрини давом эттириб, “айни пайтда одамлар ҳам агрессивлашиб кетди” дейишмоқда. Ҳақ гап...
Рус психологи Валерий Синельниковнинг “Дардингни сев” асари 1999 йилда ёзилган бўлишига қарамай, ўқувчида айнан шу кеча-кундуздаги манзаралар қоғозга туширилгандек тасаввур уйғотади. Олимнинг фикрларига кўра, юқумли касалликларнинг номи “юқумли” бўлишига қарамай, улар асло юқмайди, балки яратилади. “Одамлар ўз фикрлари кучидан фойдаланиб, уларни бўшлиқдан, соф энергиядан ҳосил қилади. Фақат бу фикрлар ҳалокатли ва касал туғдирувчидир. Жамоавий ғайришуурий онгдаги таранглик, саросима ва тартибсизлик касалликни қўзғашга ёрдам берадиган вирус ёки микробни яратади”, деб ёзади асар муаллифи.
Буни қарангки, аввал онг ва тасаввурлар яллиғланар, сўнг у танага кўчар экан. Демак, ҳамма гап – одамнинг ўзида, ташқаридан кирадиган вирусда эмас. Онг яллиғланиши нима? Бу – тажовузкор фикрлар. Кимда нафрат, алам, гина, араз, хафалик, қасос каби салбий иллатлар кўп бўлса, унинг онги яллиғланади ва вирусни қабул қилишга тайёр бўлади. Эзгу ўй-хаёл тоза муҳитни яратади, пок муҳитда эса вирус яшолмайди. Демак, ижобий фикрларни – инсонни парваришловчи, тажовузкор фикрларни – ҳаётни ифлослантирувчи восита сифатида қабул қилишимиз керак бўлади.
Бу назарияни асло “Ёмон одам касал бўлади, яхши одам соғ юради”, деб тушунмаслик керак. Гап хатти-ҳаракат эмас, фикрлар ҳақида бормоқда. Аксинча, юмшоқ табиат, оғир-босиқ инсонлар бировдан ёмонлик кўрса, ёмонлик билан жавоб қайтармайди. Кўнгли оғрийди. Лекин нафратини намоён этмасдан ичига кўмади. Ана шу “тилинган қалб”, кўмилган нафрат инсон аурасини кирлаш учун етарли. Эътибор беринг-а, “тилинган қалб”, дейиляпти. Тиббиётда ҳам жароҳат ўрнига инфекция тушиши осонлиги таъкидланади-ку. Демак, сиз ёмонликка ёмонлик билан чора кўрмаган ҳолда ўз қалбингизни ҳам жароҳатли ҳолда ташлаб қўймаслигингиз, кечириш билан кўнгил жароҳатини даволашингиз керак бўлади.
Вирусни дори ёрдамида йўқотмайсиз, балки беркитасиз. Таг-туги билан йўқ қилишнинг ягона чораси – онгни тозалаш, тажовузкор фикрлар(“Падарига лаънат”, “Башараси қурсин” каби)ни йўқ қилиш. Инфекцияни антибиотиклар эмас, эзгу фикрлар(яхши ният, дуо)нинг тарозида оғир келишигина сиқиб чиқариши мумкин.
Касаллик – сиз учун ёмон, сизнинг тасаввурингиз шундай. Организм ва онг учун эса дард – ёрдамчи. Инсоннинг ҳаёти бетартиб, низоларга тўла бўлса, киши ўз ҳаётидан рози яшамаса, организм ўз эгасини воқеликдан чиқариш учун хасталикни “чақириб” беради. Ахир тўшакда иситмалаб ётган бемор бир зум ҳамма нарсани унутади – ололмаётган уйи, тополмаётган пули, тўлолмаётган қарзини бир четга суриб, фақат касалликдан тузалиш ҳақида ўйлайди. Онг остимиз ўзича бизга ғамхўр, у бизни севади, бизга ёрдам бергиси келади. Албатта, у бизнинг муаммоларимизни ечиб бера олмайди, лекин касаллик туғдириш орқали онгимизни ташвишлардан озод қилиб бера олади. Демак, ҳаётдан рози кайфиятдаги одам учун касал бўлишга “эҳтиёж” йўқ.
Бундан 22 йил аввал ёзилган “Дардингни сев” асарининг шу кеча-кундузга мос келиши ҳайратланарлидир. Тўлиқ тушунарли бўлиши учун асарнинг “Юқумли касалликлар” бўлимидаги бир маълумотни айнан келтирмоқчиман:
“Мана бу ҳолат тез-тез бўлиб туришини эсланг. Ёнингизда кимдир аксирди ёки йўталди, сиз эса касал бўлиб қоламан, деб қўрқиб кетдингиз. Ёки телевизордан қаердадир грипп вируси қутуряпти деб эълон қилишди, сиз эса ташвишга тушиб, олдиндан дорихонага югурдингиз. Бундай ҳолларда мен доим ўзимдан сўрайман. Менга касаллик керакми? Менга ҳал қилинмаган муаммолардан қутилиш, воқеликдан қочиш учун бир ҳафта тўшакда ҳароратим кўтарилиб, томоғим оғриб, тумов бўлиб ётиш керакми? Йўқ, деб жавоб бераман ўзимга ўзим. Бу менга керак эмас. Ахир мен ҳаётимдаги ҳар қандай муаммони ҳал қила оламан. Касаллик мени четлаб ўтади. Менинг иммун тизимим аъло даражада ишлайди. Мен соғлом бўлиш, ҳаётдан қувониш, лаззатланишни танлайман. Бу – менинг танловим”.
Назаримда, айни аффирмацияни ҳозирги пайтда ҳар куни такрорлаб туриш фойдадан холи бўлмайди. Замонамиз одамлари вирусни енгиш учун айнан шундай мотивацияга муҳтож. Чунки ҳар ким онг остида дастурлар яратади, ҳаётимиздаги воқеа-ҳодисалар ана шу дастурларнинг фаолият юритиши холос. Фикрларда энергия кучли, у моддийлашмагунча, ўз исботини топмагунча тиним билмай кезиб юраверади. Бунга яққол мисол: коронавирус ҳали Хитойда пайти “Бизга ҳам кириб келди, яшириляпти” деган ваҳималар урчиди. Кейин нима бўлди? Ҳақиқатдан ҳам вирус чегаралар оша юртимизга кириб келди. Ахир фикрлар тортиш кучига эга. Бироз ўтиб навбатдаги ваҳима бошланди: “Беморлар сони камайтириб кўрсатиляпти, аслида бундан анча кўп”. Ушбу асоссиз фикр ҳам реаллашди: беморлар антирекорди қайд этилди. Ёки шундай давом этинг, ёки фикрларингизни ижобийлаштириш орқали вирусга қарши курашинг. Танлов – сизнинг ихтиёрингизда!
Агар соғлом ҳаётни танласангиз, ҳукумат, вазирлик ва комиссияни “Ундай қилмаяпти, бундай қилмаяпти” деб айблаш ўрнига дўппини бир жойга қўйинг-да, саволни ўзгартиринг: Мен нима қиляпман? Мен қандай одамман? Хулқ-атворим қандай таҳрирларга муҳтож? Чунки, юқорида айтганимиздек, вирус муҳитга мослашади: агресссив муҳитда агрессивлашади, соф муҳитда эса яшай олмайди. Вабо даражасига кўтарилган дарднинг кимдадир оғир, кимдадир енгил, яна кимдадир аломатсиз кечаётгани ва бошқа бировга контактда бўлишига қарамай юқмаётганининг сабаби (сири) шундадир, балки...
Дарвоқе, коронавирус инсонлар орасида ёйилганида “Ҳамма бўлади” деган ҳукм ҳам хўп оммалашди. Аслида тарихдаги ҳеч бир вабо ҳолатида аҳолининг юз фоизи чалиниш кўрсаткичи қайд этилмаган. Бундан бир аср аввал “испан гриппи” тарқалганида тиббиёт ҳозиргидан анча орқада эди, шунда ҳам ҳамма ёппасига касалланмаган-ку?! Норасмий тилдан “Ер юзининг 90 фоиз аҳолиси ковид бўлади”, деган маълумотни эшитганингизда нега 10 фоиз ичига киришдан умид қилмадингиз? Вирусга бағрингизни очган ўзингиз эмасмисиз?
Кимнинг даволаниши қийинлашаётган бўлса, бу тиббиётчиларнинг айби эмас. (Ёқадими, ёқмайдими, психологик талқин шундай). Чунки шифокор организмингизни сизчалик билмайди. У сиздаги нафрат, алам, ғазаб миқдоридан огоҳ эмас. Бу тажовузкор туйғуларни йўқотишга ҳам қодир эмас. Бу фақат сизнинг қўлингиздан келади. Шундай экан, нега масъулиятни ўз қўлингизга олмай, шифокорга ташлаяпсиз?
Ибн Сино айтади: “Биз учтамиз: табиб, бемор ва дард. Бемор мен томонга ўтса, дардни даволаш мумкин. Бемор дард томонга ўтиб олса, иккисини енгишга ожизман”.
Вирусга қарши курашмоқчимисиз, унда, аввало, ўзингизга, ички оламингизга ойна тутинг. Қалбингизда санаб ўтилган тажовузкор туйғулар борми? Бор бўлса, тозаланишга муштоқсиз. Фақат қўл кафтларингизга эмас, қалбингизга ҳам “антисептик” зарур. Оламни ҳам, одамларни ҳам ўзгартиролмайсиз, ўзгартиришингиз мумкин бўлган ягона одам – ўзингиз. Ўтмишнинг қора саҳифаларини унутинг, сизга оғриқ берганларни кечиринг. Шу йўл билан ўз муҳитингизни соғломлаштирган бўласиз. Соғлом муҳитда касаллик ривожланмайди. Зеро, ўхшаш нарсалар тортилади – касаллик касал қалбларга ёпишади.
Дурдона АЛИМОВА,
журналист
Фикрингизни қолдиринг