Янгиликлар 2491
Биз ёшларга билдирилган ишонч фаровон ҳаётга хизмат қилади
Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан зиёдини ёшлар ташкил этиб, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилангани эътирофга моликдир.
Ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини кўзлаб, Давлатимиз томонидан бир қатор Қонун ва Қарорлар ҳаётга татбиқ этилди.
Муҳтарам Президентимиз томонидан биз ёшларни униб-ўсишимизга қаратилган ҳар бир Дастурларида бир олам қувончу маънавий рағбатларни дилдан ҳис этаман. Ватанни янада кучлироқ севиш, мамлакатимиз тақдири учун қайғуриш, юрт дарди билан ёниб яшаш, ёниқ юрагим билан халқимга хизмат қилиш масъулиятини зиммамга оламан.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимиз ёшларига берилаётган бу қадар кенг имкониятлар, уларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳеч бир давлатда бўлмаса керак.
12-13 август кунлари Самарқанд вилоятида бўлиб ўтган инсон ҳуқуқлари бўйича ёшлар форумида Президент Ш.Мирзиёевнинг ёшларга қарата табриги, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг қабул қилиниши жаҳондаги икки миллиарддан ортиқ йигит ва қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга экани, биз ёшларга билдирган ишончи ва эҳтироми ҳар бир ўзбекистонлик ёшлар қаторида менинг ҳам келажакка янада кучлироқ интилиб яшашимда аҳамиятли бўлди.
Берилган имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадим бекор кетмади. Орзуларим бирин-кетин амалга ошмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг фаоли сифатида партиянинг дастурий ғояларини ҳамда пандемия даврида коронавирус касаллигига чалинишнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни аҳолига тушинтириш ишларини олиб боришда ҳиссамни қўшиб келмоқдаман. Бу йил Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали “Довалаш иши” йўналишининг 1-босқич талабаси бўлдим, халқим саломатлиги йўлида ёшлигимдан ният қилган эзгу мақсадларимга йўл очилди.
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган “Ёшлар парламенти” аъзолиги учун бўлиб ўтган сайловда ғолибликни қўлга киритганим зиммамга улкан маъсулият юклади. Эришган ютуқларимда албатта мамлакатимизда ёшларга қарата олиб борилаётган сиёсатнинг тўғрилигида деб биламан.
Давлатимизнинг биз ёшларга билдираётган ишончи Ватанимиз тараққиёти, юртдошларимизнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашлари учун хизмат қилади.
Бекзодбек МАРКИСОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси
Фикрингизни қолдиринг