БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари фаолиятини кучайтиришга қаратилган устувор вазифалар илгари сурилди

24.09.2021 14:09:04

Бугунги кунда дунё саҳансида рўй бераётган ижтимоий-сиёсий воқеалар ечимига эришиш, ижтимоий танглик, қашшоқлик ҳукм сураётган давлатларни ҳар томонллама қўллаб-қувватлашда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўрни ва роли кун сайин ортиб бормоқда.

Куни кеча Нью-Йоркдаги бош қароргоҳда юқоридаги каби муаммолар ечимига ҳамда ташкилот олдида турган устувор вазифаларни белгилаб олишга қаратилган БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ўз ишини бошлади. Сессияда БМТга аъзо давлатлар делегациялари глобал ва минтақавий хавфсизлик, COVID-19 пандемияси шароитида барқарор тараққиёт ва унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини енгиб ўтиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришнинг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Жумладан, сессияда бир қатор давлат раҳбарлари каби Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам видеомурожаат шаклида иштирок этиб, янги шароитларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмаларининг аҳамияти ва ўрни тобора ортиб бораётганини қайд этган ҳолда бир қатор долзарб мавзулар юзасидан ўз таклифларини илгари сурди.

Хусусан, Президентимиз ўз нутқида БМТнинг “ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик”, деган тамойил асосида вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратишга доир саъй-ҳаракатларини эътироф этиб, Ўзбекистон пандемияларга қарши самарали курашда вакцинация натижаларини халқаро миқёсда тан олиш жараёнларида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мувофиқлаштирувчи ролини янада кучайтириш тарафдори эканлигини маълум қилди. Ўзбекистон Республикасининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва Бош Ассамблеянинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги Кодекс Ўзбекистоннинг бу борадаги амалий ҳаракати эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари глобал ҳаракатларга ёшларни жалб этиш бўйича Бутунжаҳон конференцияси мамлакатимизда муваффақиятли ўтказилганини таъкидлаб, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг давоми сифатида Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари мулоқотлари доирасида Глобал таълим форумини ташкил этиш режалаштирилганини маълум қилди.

Шу билан бирга, Президентимиз ўз нутқида бугунги кунда устувор вазифа бўлиб турган Марказий Осиёни фаровон ва барқарор ривожланаётган, ишонч ва дўстлик маконига айлантириш, бунинг учун амалга оширилаётган қўшни ва ёндош минтақалар билан ўзаро алоқаларни кучайтиришга қаратилаётган саъй-ҳаракатларга ҳам тўхталиб ўтди. Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш лозимлиги маълум қилинди.

Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан нафақат Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдор эканлиги, ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмаслиги, Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозимлигини таъкидлади.

Дунёда хавф-хатар ва зиддиятлар, трансмиллий таҳдидлар тобора ортиб бораётганига эътибор қаратиб, 2021 йил ноябрь ойида Тошкентда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси Марказий Осиё учун режасининг ўн йиллик натижалари ва истиқболларига бағишланган халқаро конференция ўтказилиши халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши маълум қилинди.

Шу билан бир қаторда, кун тартибида доимий муҳим масалалар қаторида турган иқлим ўзгаришларига қарши кураш, атроф-муҳит ва био хилма-хилликни муҳофаза қилиш, тикланадиган энергия манбаларига ўтиш масалаларида кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Жумладан, 2021 йил май ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилингани Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари самара бераётганини тасдиқлаши, экология борасидаги чораларнинг мантиқий давоми сифатида 2022 йили Оролбўйи ҳудудида, Нукус шаҳрида «яшил» энергетика бўйича БМТ билан ҳамкорликда юқори даражадаги халқаро форум ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Шу билан бир қаторда БМТ шафелигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йилда Ўзбекистонда Атроф-муҳит бўйича БМТнинг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклиф этилди.

Хулоса қилиб айтганда, Давлатимиз раҳбари ўз нутқида илгари сурган ташаббуслар орқали Ўзбекистон дунёнинг барча давлатлари ва глобал ташкилотлар билан ўзаро манфаатли, узоқ муддатли ва кўпқиррали шерикликни ривожлантиришга доимо тайёр эканлигини, хавфсиз ҳамда барқарор ўсиш, фаровон келажакни барпо этишга қаратилган яқин ҳамкорликни бундан кейин ҳам янада жадаллаштиришга тайёр эканлигини маълум қилди.

Мавлуда АТХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+