Янгиликлар 1361
Боғотда Зулфияхоним издошлари рағбатлантирилди
Боғот туман 36-сон умумтаълим мактабида 1 март -Ўзбекистон халқ шоираси таниқли жамоат ва давлат арбоби Зулфияхоним таваллудига 107 йил тўлиши муносабати билан “Устозга эҳтиром” мавзусида маънавий маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирга партия фаоллари, депутатлари, ҳамкор ташкилот вакиллари ҳамда мазкур мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди.
Тадбирни 36-сон умумтаълим мактаби директори, туман Кенгаши депутати Майсара Худайберганова кириш сўзи билан очиб берди.
“Зулфия шеърлари жўшқин ҳарорат билан битилган эҳтиросли ҳаётбахш шеърлардир. Улар Ватан, инсонлар, меҳр, муҳаббат, қувончу-шодлик, бахт-саодатга баҳшида ижоди ўқувчида ёруғ кайфият пайдо этади. Нафақат ўз шеърлари, балки бутун ҳаёти билан ўзбек йўлининг маънавий қиёфасини намоён этган атоқли шоирамиз Зулфияхоним келажак авлод учун ибрат мактабини яратди. Унинг жаҳон минбарларидан янграган шеърлари, Шарқ аёлининг ақлу заковати, фазлу камолининг ёрқин ифодаси сифатида миллионлаб шеърият мухлисларига одамийлик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берган десак, муболаға бўлмайди”.
Тадбир давомида намойиш этилган Зулфияхоним ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишлари, шеърлар, куй ва қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки руҳ бағишлади.
Фаол ўқувчи ва ўқитувчиларга партиянинг туман Кенгаши томонидан тақдим этилган китоблар жамланмаси совға қилинди.
Саодат Машарипова
"Адолат" СДП Боғот туман Кенгаши
"Аёллар қаноти" раиси
Фикрингизни қолдиринг