Янгиликлар 1770
Боғотлик адолатпарвар қайноналарнинг беллашуви барчани ҳайратда қолдирди
Аввал хабар берганимиздек, Хоразмда Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан ташкил этилаётган “Адолатли қайнона” кўрик-танлови ҳамюртларимиз томонидан эътироф этилиб, шов-шувларга сабаб бўлмоқда.
Танлов адолатпарвар қайноналарнинг бой ҳаётий тажрибаларини намуна қилиб кўрсатиш, оиланинг муқаддаслигини ёшларга онгига сингдириш ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлган миллий қадрятларимизни келажак авлодга ҳаётий мисоллар билан кўрсатиб бериб, оилалар тинчлиги орқали жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган қайноналарни аниқлаб уларни рағбатлантиришда имкониятлар яратмоқда.
Хусусан, Боғот туманидаги 14-сон Болалар ва ўсмирлар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган танловнинг туман босқичи ҳам кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.
Тадбирга партия, туман фаоллари, фахрийлари, депутатлар, ҳамкор ташкилот ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Муҳаббат Абдуллаева, иштирокчи, Боғот туман ҳокимлиги матбуот котиби:
-Воҳамида анъанага айланиб, юртдошларимиз эътирофидан ўрин олиб улгурган мазкур кўрик-танлов боғотликлар қалбидан ҳам муносиб ўрин олган. Бугун бўлиб ўтган танловнинг Боғот туман босқичи тарихга муҳрланди десак, ўринлидир. Бу хурсандчиликни танлов иштирокчиларининг, опахону онахонларнинг юзларидан билса бўлади. Танловнинг келажаги порлоқ эканига шубҳа йўқ.
Танловда туманнинг “Олтинқум”, “Соҳибкор”, “Деҳқонобод”, “Наврўз”, “Маданият”, “Меҳнат гули” ҳамда “Юксалиш” маҳаллаларида истиқомат қилувчи 7 нафар адолатли, бой тажрибага эга, намунали қайноналар фаол иштирок қилдилар.
Танлов шартларининг бажарилишини ҳакамлар ҳайъати одилона баҳолаб боришди.
Танловда Сафаргул Жуманиёзова фахрли 1- ўринни эгаллаб, “Адолатли қайнона” деб топилди ва танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди. Қурбонбика Аллаберганова 2-ўринга, Ражабгул Шомуротова 3-ўринга эга бўлишди. Қолган 4 нафар иштирокчи онахонлар эса “Энг моҳир қайнона”, “Оилапарвар қайнона”, “Энг зукко қайнона” ҳамда “Кайвони қайнона” номинациялари билан тақдирланиб, партиянинг диплом ва эсдалик совғалар билан рағбатлантирилди.
Саодат МАШАРИПОВА,
партия фаоли
Фикрингизни қолдиринг