Бола тарбиясида илк қадам

29.12.2020 17:12:05

Илмий тадқиқотларда исботланишича инсон ўз умри давомида оладиган барча маълумотни 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда фаол қабул қилар экан. Боланинг онги, асосан, 5 - 7 ёшда жадал шаклланиши, дунёни теран англашини  илм-фан тасдиқлаган. Бу эса жамиятга кириб келаётган ҳар бир шахснинг маънавий-руҳий олами, дунёқараши, билиму салоҳияти унинг илк ёшлик чоғларидаги олган таълим-тарбияси билан чамбарчас боғлиқлигидан далолат беради.

Буюк аждодимиз, улуғ аллома Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир”, дея таъкидлаганида ҳам бир олам маъно мужассам. Шунинг учун ҳам, бола камолотининг, фарзанд тарбиясининг илк куртаклари нафақат оилада, балки мактабгача таълим муассасаларида намоён бўлади. Ушбу муассасаларда тарбиявий ишлар сифати ҳамда самарадорлиги, уларда яратилган замонавий имконият ва соғлом муҳит мурғак фарзандларимиз тақдирида ғоят муҳим ўрин эгаллайди.

Бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасида  ҳам айнан мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги стратегик устувор вазифалар белгилаб берилгани соҳа ходими сифатида мени беҳад қувонтирди. Давлатимиз раҳбари ижтимоий аҳволидан қатъий назар, боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитларни яратиш зарурлигини таъкидлар экан, келгуси йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказилишини маълум қилди. Бу ишларга бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилиши белгилангани эса, нафақат фарзандларимизни мактабгача таълим тизимига қамраб олишга, балки, яна қанчадан-қанча иш ўрни яратилишига замин яратади.

Шунингдек, узоқ қишлоқларда мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини янада кенгайтириш, бунда ЮНИСEФ ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш модели йўлга қўйилиши айниқса эътиборга молик.

Мен ҳам депутат сифатида ўзимнинг сайлов округим ҳудудидаги имконияти чекланган фарзандлари бор хонадоларга ташриф буюриб болажонлар билан суҳбатлашар эканман, уларнинг кўнглидаги оппоқ орзулари, фикр ва ғояларини эшитиб баъзида ҳайратланаман. Эзгу истаклари руёбини беришини яратгандан сўраб қоламан. Мактабгача таълимнинг уйда ташкил этилиши имконияти чекланган болаларнинг ёшлигиданоқ улар ҳам жамиятнинг ажралмас бир қисми сифатида ҳис этишга, келажагига ишонч билан қарашга, иқтидор ва имкониятларини эртароқ юзага чиқаришга хизмат қилади.

 

Санобар МИРСАИДОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+