Янгиликлар 2134
Болалар -бахтимиз чечаги, уни поймол қилишга ҳеч ким ҳақли эмас
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги 13-сонли мактабгача таълим муассасасида “тарбиячи”нинг болаларни қўрқитиш билан шуғуллангани акс этган видеолар тарқалиб, бу ҳолат юртдошларимиз муҳокамасига сабаб бўлган эди.
Шу ҳолат юзасидан партия Узун туман Кенгаши ходимлари томонидан ўрганиш ишлари зудлик билан олиб борилиб, мурғак қалбларга қўрқув уруғини сочаётган кимсага қонун доирасида қандай чоралар кўрилганлиги ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида 30 март куни ижтимоий тармоқларда Узун туман 13-сон МТТ тарбиячиси Хуршида Тошпўлатова томонидан боғчанинг кичик гуруҳида тарбияланувчиларга баланд овозда қичқиргани, унинг бу ҳатти ҳаракати ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан далиллар билан расмийлаштирилиб, жиноят судида кўриб чиқилганлиги аниқланди.
Аниқланишича, суд қарорига асосан, мазкур жиноятни содир этган тарбиячи Х.Тошпўлатова Ўзбекистон Республикаси 2019 йил 16 декабрдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддаларига мувофиқ ишдан четлаштирилган ва унгача мазкур ҳолатга совуққонлик билан қараган МТТ мудираси М.Аширова ва ёрдамчи тарбиячи Н.Тўраеваларга интизомий жазо қўлланилиб, ҳайфсан эълон қилинган.
Президентимиз томонидан мактабгача таълим ташкилотларини ривожлантириш учун устувор ислоҳотлар олиб борилаётган, юртимиз келажаги бўлган болаларга катта эътибор қаратаётган бир пайтда, айрим мактабгача таълим муассасаларидаги бундай аҳвол кишини ажаблантиради!?
Шу ўринда савол туғилади. Қишлоқ болалари тарбияланаётган мазкур муассасадаги тартиб-интизом нега бу даражада ночорлашган? Мамлакатимизда соҳага катта эътибор қаратилаётган бир пайтда болажонлар тақдирига, уларга қилинаётган қўпол муомалага бефарқ қарашга кимнинг қандай ҳаққи бор? Мулоҳаза қилар экансиз, боғчада бу каби ҳолатлар аввал бўлмаганлигига ким кафолат бера олади?
Йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган таълимнинг илк босқичи – мактабгача таълим муассасаларида муаммолар керагидан кўп йиғилиб қолгани сабабли тизимда катта ислоҳотлар бошланди. Бугун жойларда олиб борилаётган ишларни кўриб дилингиз яйрайди. Нега энди юртимиздаги баъзи қишлоқ боғчаларидаги аҳвол ўнгланиши қийин бўляпти? Масъул раҳбарлар нима билан банд? Ислоҳотларга лоқайдлик қилган мутасаддиларга қатъий чоралар кўриш вақти аллақачон келмадими? Қачонгача ўз ҳаётимизга, келажагимизга юзакилик билан қараймиз?!
Рустам ҲАМРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг