Янгиликлар 714
Болалар кўнглига меҳр улашилди
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази. Болалар онкологияси бўлимида “Янги йилни янги орзулар билан” номли кўчма арча байрам тадбири кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад бемор болажонларни байрам билан табриклаш, қувонч улашиш ва совғалар билан рағбатлантириш эди.
Тадбир эълони берилганидан кўп ўтмай юртимизда фаолият юритаётган бир қанча ташкилотлар ҳомийлик истаги билан чиқишди. Акция ҳомийлари бемор болажонлар учун байрамона совғалар, ўқув қуроллари, китоблар, ақлий қобилиятини ривожлантирувчи ўйинчоқлар тақдим этишди. Уч кунлик байрам тадбирларида улар ўз эгаларига топширилади.
Шифокорлар тасдиқлайдиларки, ҳурсандчилик, қувонч, кутилмаган совғалар инсон организмига самарали таъсир кўрсатиб, гормонал фонни ижобий томонга ўзгартиради. Бу айниқса мурғак гўдакларда жуда тез рўй берадиган жараён. Танасида соғлом ҳужайралар ишлаб чиқарилишига муҳтож ҳисобланмиш онко-гематологик дардларга чалинган болалар учун эса бу икки ҳисса долзарбдир. Мурувватли инсонларнинг донорлик ёрдамлари уларнинг соғайишлари учун бир ҳисса бўлса, саховатпеша ҳомийлар томонидан кўрсатилган кўмак болалар кайфиятига таъсир кўрсата олиш жиҳатидан катта аҳамиятга эга. Байрам шодиёнаси ва ажойиб совғалардан сўнг уларнинг кўзларида порлаган қувонч саломатликлари тикланишига сабаб бўлса, ажаб эмас.
Ушбу омилни ҳис этган муассаса шифокорлари ва бемор гўдакларнинг ота-оналари партия томонидан илгари сурилаётган ташаббусни қўллаб-қувватладилар.
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ушбу акцияни янада ривожлантириш, доимий равишда ташкил этиш, ҳомийлар ва жамоатчилик эътиборини кенг жалб этиш мақсадида янги чора-тадбирлар ишлаб чиқмоқда.
"Адолат" СДП
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг