Болалар саломатлиги – биринчи даражали вазифа

21.06.2021 15:06:19

 

Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман кенгаши таркибида икки нафар “Адолат” СДП вакили фаолият олиб боради. Улар халқ таълими тизимида меҳнат қилишади. Гулчеҳра Усмоновани ҳам, Шавкатжон Ғайбуллаевни ҳам кенг жамоатчилик ҳаётнинг ҳар жабҳасидаги фаол инсонлар сифатида яхши билади.

Халқимизнинг “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас” деган нақли барчага маълум. Депутатларимиз ҳам унга амал қилган ҳолда ёнларига партиямиз фаолларини чорлаганлар. Ҳар қандай тадбир – учрашув, суҳбат, ўрганиш уларнинг иштироки билан ўтказилади. Бу, “Адолат” СДПнинг тумандаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

Яқинда депутатларимиз туман кенгаши сессиясига “Умумтаълим мактабларда малакали тиббий хизмат кўрсатиш ҳолатини ўрганиш, болалар ўртасида яссиоёқлик (сколиоз), стоматологик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш ҳамда профилактик тадбирларни кўзда тутувчи давлат дастурларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, болаларга кўрсатилаётган стоматологик ёрдам сифатини яхшилаш бўйича барча даражадаги давлат ҳокимияти ижроия органлари масъулиятини кучайтириш тўғрисида”ги масалани киритдилар. Навқирон авлод саломатлигига доир ушбу мавзу ҳаммада катта қизиқиш уйғотди. Муҳокама қизғин ва жонли баҳсларга бой бўлди. Чунки масала ҳам батафсил, жойлардаги аҳволни пухта ўрганган ҳолда, ютуқ ва камчиликлар рўй-рост баён этилганлиги учун шундай бўлди. Муҳокамада эса кўплаб фойдали ва зарур таклифлар билдирилди.

Бевосита масаланинг моҳиятига тўхталадиган бўлсак, тумандаги ўндан ортиқ мактабда тиббиёт хонаси мавжуд, штат билан таъминланган. Аммо ҳамма ерда ҳам ўқувчиларга хизмат кўрсатиш даражаси талабга жавоб бермайди. Хусусан, стоматология соҳасидаги ишлар қониқарли эмас. Масалан, кариес хасталигига учраган болаларни даволаш тизимли ташкил этилмаган. Боз устига 1,11,12,22 - ва бошқа мактабларда стоматология хонаси, дори-дармон таъминоти ва зарур асбоб-ускуналар мавжуд эмас. Ўқувчиларнинг тиббий билимлари ва санитария-гигиена талабларига риоя этиши қониқарсиз.

Депутат Шавкатжон Ғайбуллаевнинг кун тартибидаги масала бўйича ахборотида шу каби қатор камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Айни вақтда уларни қисқа муддатда бартараф этиш юзасидан муҳим таклифлар  билдирилди. Музокарада қатнашган депутатлар ҳам ўз мулоҳазаларини айтиб, масалага бефарқ эмасликларини намойиш этдилар.

Сессия кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилди. Ўйлаймизки, ундаги белгиланган вазифалар ижроси таъминланса, умумтаълим мактабларида ўқувчилар саломатлигини сақлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар самараси янада ошади.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+