Янгиликлар 1136
“Бўлажак адолатчилар” учун байрам тадбири
Бугун партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида болажонлар учун байрам тадбири ташкил этилди. Унинг асосий иштирокчилари “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида фаолият юритаётганларнинг фарзандларидан иборат.
Ота-оналарининг иш жойига ташриф буюрган болажонлар бир олам завққа тўлишди. Безатилган арча, байрам қаҳрамонлари ҳисобланмиш Қорбобо ва Қорқиз, шунингдек, бошқа эртак қаҳрамонлари, куй ва қўшиқлар болаларда катта таассурот қолдирди.
Байрам кечаси шу билан чегараланиб қолмади, албатта. Болаларнинг зеҳнини чаҳловчи, хотирасини мустаҳкамловчи турли ақлий ўйинлар, викторина ва савол-жавобларда болалар фаол иштирок этишди.
Фурсатдан фойдаланиб, ҳар бир бола ота-онаси ва дўстлари даврасида ўз иқтидорини намоён этди. Рағбат сифатида эса севимли қаҳрамонлари Қорбобо ва Қорқиздан совғалар олишди.
Янги йил байрами арафасида “Адолат” иш жамоасининг муҳити янгиланди, беғубор қалблардан таралган ижобий энергия барча ходимларни руҳлантирди.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг