Янгиликлар 474
Бўлажак номзодларга семинар-тренинг ташкил этилди
Жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайловини юқори савияда ташкил этиш учун Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига кўрсатилган номзодлар учун Фарғона давлат университетининг ахборот ресурс марказида семинар-тренинг ташкил этилди.
Унда сўз олган “Адолат” СДПнинг Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Орифжон Ўлмасов семинар-тренинг ташкил қилинишидан кўзланган асосий мақсад ва унинг вазифалари тўғрисида иштирокчиларга тушунчалар берди.
Семинар давомида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Муҳаммаджон Валиев бу муҳим сиёсий жараёнда иштирок этувчи бўлажак номзодларга партиянинг Сайловолди дастурининг мазмун-моҳияти, таркибий тузилиши ва илгари сурилаётган асосий ғоялар билан таништириб ўтди.
Мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараёнда 5 та партия ўзининг муҳим дастурлари ва муносиб номзодлари билан иштирок этади. “Адолат” партиясидан маҳаллий Кенгашлар сайловида иштирок этадиган номзодлар ҳам партия дастуридан келиб чиқиб, ҳудуддаги муаммоларни инобатга олган ҳолда номзоднинг сайловолди дастурини шакллантириши, партиянинг марказий аппарати, ҳудудий кенгашлари томонидан ишлаб чиқилган тарғибот воситалари, депутатликка номзодларга (қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар) бериладиган тарғибот воситаларидан фойдаланиш усуллари ва шартлари хусусида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Сайидғаниева батафсил маълумот бериб ўтди.
Шунингдек, Фарғона вилоят телерадиокомпанияси журналисти Дилоромхон Раҳимова номзодларнинг тарғибот даврида оммавий ахборот воситалари билан ишлаш, баҳс-мунозараси кўрсатувларда иштирок этиш жараёнида аҳамият қаратиш зарур бўлган муҳим масалалар, ташвиқот олиб бориш шакллари, яъни омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш ҳамда Сайловолди ташвиқоти даврида йўл қўйиладиган хато ва камчиликлар учун Сайлов тўғрисидаги қонунчиликда жавобгарлик мавжудлиги юзасидан маълумот бериб ўтдилар.
Сайловолди ташвиқотининг турлари, шакллари ва усуллари хусусида Фарғона давлат Университети "Ўзбекистон тарихи" кафедраси ўқитувчиси Муҳаммадазизбек Умаров атрофлича сўз юритди.
Семинар-тренинг савол-жавоблар, баҳс-мунозарали тарзда бўлиб ўтди.
Гулчеҳра Аҳмедова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
матбуот котиби.
Фикрингизни қолдиринг