Янгиликлар 1510
Бўлажак партия номзодининг сайловолди дастури лойиҳасига таклифлар берилди
“Адолат” СДП фаоллари томонидан “Адолат” СДПдан бўлажак номзод сайловолди дастури лойиҳасига таклифлар тўплашга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда бўлажак номзод сайловолди дастури лойиҳасига долзарб масалалар юзасидан таклифлар бериш бўйича экспертлар гуруҳи, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси депутатлари, ҳудудий Кенгаш раислари, маҳаллий депутатлар, партия фаоллари ва БПТ аъзолари иштирок этдилар.
Сўзга чиққанлар “Адолат” СДПдан бўлажак номзоди сайловолди дастури лойиҳасига фикр-мулоҳаза ва таклифларни ўртага ташладилар.
Бўлажак номзод сайловолди дастури лойиҳасидаги кучли ва адолатли суд ҳокимияти бўлган жойда қонун ва адолат тамойиллари устувор бўлиши, суд жараёнида холис тортишув ва адолатлиликни, суд иштирокчиларининг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, адвокатура институтини такомиллаштириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва ривожлантириш масалалари ўрин олиши лозимлиги таъкидланди.
Дастур лойиҳасида ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ижтимоий йўналтирилган иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, ушбу дастурларни назорат қилиш тизимига янгича ёндошиш, инновацион ривожланиш ва инновацион иқтисодиёт, самарали иқтисодий сиёсат воситаларидан оқилона фойдаланиш каби долзарб масалалар давра суҳбати иштирокчилари томонидан илгари сурилди.
Ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, аҳолининг барча ижтимоий қатламларини сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш, фуқаролар орасида тиббий маданиятни шакллантириш, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уй-жой-коммунал комплекси ишини янада яхшилаш каби ижтимоий масалаларни Дастурдан жой олиши кераклиги тадбирда сўзга чиққанлар томонидан алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, замонавий, юқори интеллектуал кадрларни тайёрлашда таълим тизимининг барча босқичидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш каби илғор ғоялар киритилиши иштирокчилар томонидан таклиф сифатида билдирилди. Бўлажак номзоднинг дастурига таклиф қилинадиган устувор йўналишлар, мақсад ва вазифалар социал-демократия ғояси ҳамда “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсадлари ва сиёсий платформасига тўлиқ мос келиши таъкидланди.
Ҳар бир ҳудуддан онлайн мулоқотга киришган вакиллар бўлажак номзоднинг сайловолди дастури лойиҳасига ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини баён этдилар. Буларнинг бари экспертлар гуруҳи томонидан ўрганилиб, номзоднинг сайловолди дастурида акс эттирилиши лозим бўлган партиянинг таклифлари тайёрланди.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг