Янгиликлар 3923
Болажонлар янги майдончада дона суришди
Бугунги кунда таълим-тарбиянинг бош бўғини бўлган мактабгача таълим муассасаларида болажонлар учун яратиб берилаётган шарт-шароитларни яхшилашга, кенгайтиришга жиддий эътибор қаратиш ва ёндашиш ўта долзарб масалалага айланди. Барча мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган болажонларнинг кенг дунёқарашли, маънавий баркамол бўлиб улғайишларида нафақат педагоглар, балки барчамиз ҳам масъулмиз.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси “Мактабгача таълим - кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда боғчаларда бир қатор ҳайрли ишларни амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, партиянинг Мирзачўл туман Кенгаши ташаббуси билан тумандаги 11-сонли мактабгача таълим муассасасида шашка ва шахмат майдончаси ташкил этилди ва бу ерда тарбияланаётган болажонлар ўртасида шашка мусобақаси ўтказилди. Мазкур тадбирда болажонлар билан биргаликда боғча педагогик жамоаси, ота-оналар ҳамда партия фаоллари иштирок этишди.
Дастлаб, болажонлар аллақачон харфларни таниганлиги, ўқишни ўрганганлигини намоён этиб, барчани хурсанд қилишди. Улар ўқиган шеърлар, ижро этган қўшиқлар ҳам тадбир қатнашчиларига манзур бўлди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Мирзачўл туман Кенгаши ташаббуси билан боғча тарбияланувчиларига тайёрланган шашка майдончасининг туҳфа этилганлиги болажонларни беҳад қувонтирди. Болажонлар байрамона кайфиятда янги майдончада дона суришди. Ўйин давомида доно ўғил-қизларнинг шашка ва шаҳмат ўйинларига қизиқишлари, бу ўйинни яхши ўзлаштирганликлари яққол кўзга ташланди. Шашка майдончасида ҳар бир мувофаққиятли юришни болажонлар олқишлаб туришди. Тадбир сўнгида болажонларга тадбир ташкилотчилари томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Захриддин УСМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Мирзачўл туман Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг