Янгиликлар 1113
“Бор меҳримиз сенга болажон” мавзуида байрам тадбири ўтказилди
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Хаста дилларга меҳр бер” акцияси доирасида Тошкент шаҳридаги онкологик касалхоналарда даволанаётган болалар учун “Бор меҳримиз сенга болажон” мавзуида байрам тадбирлари ўтказилмоқда.
Партия фаоллари Республика ихтисослаштирилган гемотология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюриб, ушбу муассасаларда даволанаётган бемор болажонларни кириб келган Янги йил билан қутлаш ниятидалар.
“Хаста дилларга меҳр бер” акцияси ушбу бемор болажонларни байрам билан табриклаш, қувонч улашиш ва совғалар билан рағбатлантиришни мақсад қилган.
Шифокорлар тасдиқлайдиларки, ҳурсандчилик, қувонч, кутилмаган совғалар инсон организмига самарали таъсир кўрсатиб, гормонал фонни ижобий томонга ўзгартиради. Бу айниқса мурғак гўдакларда жуда тез рўй берадиган жараён. Танасида соғлом ҳужайралар ишлаб чиқарилишига муҳтож ҳисобланмиш онко-гематологик дардларга чалинган болалар учун эса бу икки ҳисса долзарбдир. Мурувватли инсонларнинг донорлик ёрдамлари уларнинг соғайишлари учун бир ҳисса бўлса, саховатпеша ҳомийлар томонидан кўрсатилган кўмак болалар кайфиятига таъсир кўрсата олиш жиҳатидан катта аҳамиятга эга. Байрам шодиёнаси ва ажойиб совғалардан сўнг уларнинг кўзларида порлаган қувонч саломатликлари тикланишига сабаб бўлса, ажаб эмас.
Ушбу омилни ҳис этган муассаса шифокорлари ва бемор гўдакларнинг ота-оналари партия томонидан илгари сурилаётган ташаббусни қўллаб-қувватладилар.
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ушбу акцияни доимий равишда ташкил этиш мақсадида янги режалар ишлаб чиқмоқда.
"Адолат" СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг