Бошқа одамлардан кам бўлмай яшаш учун...

07.01.2021 23:01:15

Аслида дунёда яшаётган жуда кўп одамлар ана шу мақсад ва ўйда яшашади. Бу яшашнинг бир мезонидай. Аммо мулоҳазаларимиз дунё ва ёшлар ҳақида.

Бугун ёшларни қандай қилиб ишли,  ўқимишли,  тафаккурли,  бахтли,  фаровон қилиш ҳақида ўйлаяпмиз.

Қишлоқ ёшлари бекор,  деган гап  бор.  Тўғри,  улар кўп йиллар Россияга,  Қозоғистон ва бошқа мамлакатларга кетишди,  ҳозир ҳам бориб келишяпти.  Мактабни тугатиб кетган баъзилари шуни касб қилишган. Кўп оилалар фарзандлари шундай.  Мана масалан,  бизнинг қишлоғимиздан ҳам жуда кўп оилалар фарзанд,  ота,  ака ва укалари чет эллардан  Россия,  Туркия,  ё бошқа бировига ишлашга чиқиб кетишади.  Ҳа,  десанг,  пул керак,  оилани боқиш керак.

Оиладан узоқда бўлгач,   болаларини,  ота-онасини соғинади,  қишлоғини қўмсайди.  Бу ерда ишлай деса,  уй қуриш,  шаҳар жойдан кўп қаватли уйлардан сотиб олиш,  келажакда болаларини ўқитишга барибир пул етмайди,  деб кетиб қолишни афзал кўришади.

Хўш,  шу ерда қолган ёшларимизда аҳвол қандай?  Қандай қилсак,  уларнинг ҳам куни ўтиб,  пули кўпаяди? 

Бу масала осон эмас. Чунки пул осмондан қор бўлиб ёғмаяпти. Шамолда чангдай ё хазондай учиб келмаяпти.

Болаларимизни бозор иқтисодиёти қонунларига ўргатишимиз керак. Масалан,  бозорда картошка 3 минг сўмми,  унинг нархини пасайтириш учун Пайариқда камида беш минг хонадон сифатли уруғ топиб,  картошкачиликни ривожлантиришга киришмаса,  ундан пасайиши мушкул, деб ўргатайлик. Чунки элимизда картошка энг кўп ейилувчи маҳсулотлардан биттаси.

Айтайлик,  помидор ҳозир бозорда 15 минг сўмми,  оилани помидор билан таъминлаш учун ё пулни бошқа жойдан кўп топиш керак  ё иссиқхона қилиш керак.  Бошқа йўли йўқ.

Айтайлик,  ҳозир бир қишлоқдан 30 талаб ёшлар,  катталар иш излаб,  машинасида кўчага таксига чиқишаяпти.  Ҳалоли бўлсин.  Лекин бир қонуният бор,  қанча хизмат кўрсатиш субъекти кўп бўлса,  ҳажм,  яъни пул тушуми шунча кам бўлади. Демак,  уларнинг ҳаммаси машинада кира қилиши шарт эмасдир, пулни ярми бошқа соҳадан топишга ўтиши керак.  Кимдир  товуқ боқиши,  кимдир автомашина тузатиши,  кимдир телефон созлаши,  кимдир ўқиши,  кимдир кредит олиши,  кимдир бизнесни ўрганиши,  кимдир  савдога ўтиши,  бизнес режа ишлаб чиқишни ўрганиши,  кимдир файласуф бўлиши керак. Хуллас,  ёшларнинг тафаккури билан тасаввурларини бойитиш ҳам бурчимиз.  Керак бўлса,  дунёда китоб ёзиб, яхши сценарийга кино ишлаб, яхши актёр бўлиб, расм чизиб, мусиқа басталаб, шифокор бўлиб, кашфиёт яратиб, ўқиб  ҳам миллиардер бўлаётганлар кўп. Хуллас,  болаларга профессор бўл,  учувчи бўл,  космонавт бўл ва ҳоказо деб ҳам гаплашиб турайлик.  Уларнинг касб кўлами, онг юксаклиги торайиб қолмасин. Ана шу керак бизга. Ана шунда улар кенг феълли бўлишади. Кенг феъллик дунёда бошқалардан кам бўлмай  яшашнинг энг яхши усулларидан биридир. Уларга пул топиш билан бирга кенгфеълликни, турли вариантларда ўйлашни ва озод фикрлашни, психологияни ўрганишни,  Шарқ фалсафасини, ватанни севишни, аждодларга ҳурматни, китоб ўқишни, ўтмиш, вақт ва замон фалсафасини, компьютер дастурлашни  ҳам ўргатайлик.

Хуллас,  келажак қайси касбнинг қўлида бўлса,  уларга берайлик. Бу уларнинг бахтли яшашини таъминлайди, келажакда ҳаётни осонроқ, енгилроқ шароитларда давом эттиришига имкон яратади, оиласи билан  бахтини таъминлайди. Ахир ҳар бир одам бахт излаб юрган, бахтини мустаҳкамлашга уринаётган  бир  йўловчига ўхшайди. Ахир атрофимизда  IT технологиялари, телеграм, фейсбук, интернет, турли алоқа каналлари завол топмай ривожланиб кетаётган давр бўлса...

 

Азамат ТАВБОЕВ,

Халқ депутатлари

Пайариқ туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+