Бўстонлиқда миллатлараро тотувлик намойиш этилди

18.03.2021 11:03:10

Айни кунларда рус халқининг миллий байрами – “Широкая масленица” мамлакатимиз бўйлаб нишонланмоқда. Шу муносабат билан “Адолат” СДП Бўстонлиқ тумани Кенгаши тумандаги 2-мактаб билан ҳамкорликда мазкур байрамга бағишланган тадбирни уюштирди.

Тадбирда туман миллий маданий марказлар вакиллари, туман аҳолиси ва меҳмонлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Унда иштирокчилар байрамнинг тарихи ва унинг ўзига хос томонларини саҳна кўринишлари орқали акс эттирдилар. Рус миллий таомларидан дастурхонлар тузалиб, куй-қўшиқлар янгради, шодон рақслар ижро этилди.

Байрамнинг тантанали очилиш маросимида партиянинг туман Кенгаши раиси Акром Сайдалиев йиғилганларни қутлаб, юртимиздаги осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик бу каби байрамларни юқори савияда ўтказиш имконини бераётганини қайд этди.

Айтиш жоизки, Наврўзда бўлганидек, “Масленица”, “Сабантўй” каби байрамлар ҳам турли миллатга мансуб юртдошларимиз иштирокида нишонланмоқда. Бу одамларни янада меҳр-оқибатли бўлишга ундайди, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 – Бизнинг миллий байрамимиз бошқа миллат вакиллари иштирокида нишонланаётганлигидан бошимиз кўкка етди, — дейди Рус миллий маданий маркази Бўстонлиқ туман бўлими раисининг ўринбосари Сергей Миронов. —Ўзбек қизлари Сайёра Назарова, Хосият Маматова, Райхон Барноқулова,  Муборак Умароваларнинг рус тилида ижро этган шеър ва қўшиқлари байрам иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Тадбирда тинчлик-осойишталик, дўстлик-ҳамжиҳатлик мавзуларида ранг-баранг чиқишлар қилинди.

Байрам якунида иштирокчиларга партия томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+