Бу ниҳолнинг исми Ватандир!

02.06.2020 16:06:19

Сен ниҳол кабидирсан, дилбандим! Унинг йўллари сенга туташ, иккингиз ҳам она-замин фарзандларисиз. У каби онанг тафтидан тафт оласан, илиқ меҳридан унасан. Сенинг қалбингни покиза туйғуларга тўлдириб, орзулар солиб, ҳаётда бахтли яшашга, гуркирашга, келажакка бўйлашга ундовчи аллалар эшитасан. Бу аллаларни сенга онанг ҳам, табиат ҳам, замин ҳам куйлайди. Бешикларнинг тебранишида ҳам ҳикмат бор аслида. Улар азим дарахтлар меҳридан яралиб, сенга бағрини очган. Сен макон қилган остонангни мардона кўтариб, кези келса таъзим қилган. Совуқдан титраганингда сенга қалб ҳароратини улашган....

Сенинг кўзларинг тубсиз уммонга ўхшайди, уларда қувончлар юлдуз каби порлаб туради. Қалбинг худди осмон каби кенг. Тасаввурларинг эса денгиздек бепоён. Ҳаётнинг бор қувончини сенда кўриш мумкин. Охиста ташланган қадамларинг тобора катталашиб, тезлашиб бораверади. Авваллари тутиб туриш учун узатилган жажжи қўлларинг эндиликда ёрдам учун узатилади. Кўзмунчоқларинг кичрайиб, узилади. Йўлларингга сочилади. Бўйинг етмай қўл чўзганинг, сакраганинг, тош отганинг эндиликда кафтингга тўкади олмаларини.... Она бағрига бош қўйиб, мириқиб ухлаган дамларинг тушдек, сенга эртакдек бўлиб туюлади. Сен улғаясан. Сен ҳам азим дарахт каби Ватан учун таянчга айланасан.

Сен унинг суянчи бўл, болажон! Унинг корига яра. Унга муносиб ворис бўл. Токи уни тираб тургувчи устунлардан бирига айлан. Унинг эртасига, ривожига хизмат қил. Сенга куч берган она заминни топташларига йўл қўйма.

Дунёга назар сол, айрим халқ болалари ичида энг бахтлиси сенсан болажон. Улар ҳар кунини ташвишда, оч-наҳор, қўрқув остида ўтказаётганда сен беланчакларда осуда тин олгансан. Ўзинг каби тенгдошларинг қатори, боғчаларга, мактабларга борасан. Оиланг бағрида, тўкин дастурхон атрофида ўтириб, уларнинг меҳри ва эътиборидан қониб яшайсан. Сен чинакам бахтлисан. Улар-чи? Улар тинч-осойишта ҳаёт келишини орзиқиб кутадилар. Бахтли бола бўлишни истайдилар, холос. Сенда эса барчаси мавжуд. Толеъинг юксаклиги – тинч, осойишта Ватан фарзандисан. Унинг бир бўлаги бўл!

Камола ПОЛВОНОВА,

Ўзбекистон «Адолат”  СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+